Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Сизларнинг одамийлигингизни, инсонпарварлигингизни, меҳрибонлигингизни ҳар доим қадрлайман!

Барчамизга маълумки Иккинчи Жаҳон уруши йилларида немис-фашист газандалари босиб олган ерлардан турли миллатга мансуб оилалар Ўзбекистонимизнинг барча шаҳар ва қиш­лоқлари каби бизнинг туманимизга ҳам эвакуация қилиндилар. Улар ота-момоларимиз томонидан кутиб олинганлар ва яшаб турган хонадонлар бўшатиб берилиб, иссиқ жойлар бирга баҳам кўрилган. Уларнинг беаёв жангларда бўлган фарзандлари эса ота-оналари, ака-сингиллари меҳрибон қўлларда эканлигидан хабар топишиб, миннатдорлик мактубларини ёзганлар. Ана шундай учбурчак шаклидаги хатлар туман Давлат архивида кўз қорачиғидек сақланмоқда. Қуйида ана шундай хатларнинг мазмуни билан ўртоқлашамиз:

Ҳурматли ижроия қўмитаси раиси!
Мен Сталинград остоналарида бўлаётган жангларда қатнашмоқдаман. Шаҳримиздан эвакуация қилинган ота-она ва синглимни сизнинг юртингизда кўнгли пок, раҳмдил ва меҳрибон одамлар билан бирга яшаётганидан кўнглим жойига тушди. Улар менинг жигарларимга иссиқ ўринларини бўшатишиб беришиб, мехмондўстлик қилганлари учун миннатдорман. Мен сизларнинг одамийлигингизни, инсонпарварлигингизни, меҳрибонлигингизни ҳар доим қадрлайман! Бу мени немис-фашист газандаларига қарши матонат билан жанг қилишга, улар устидан тезроқ ғалаба қозонишга, қадрдон шаҳрим Сталинград остоналаридан тезроқ қувиб чиқаришга чорлайди.
Самимий ҳурмат билан катта лейтенат, Чернов А.А.
Полевая почта 756511.

Ижроия қўмитаси раисига!
Мен Сталинграднинг қаттиқ жанг кетаётган оловли нуқтасидан хат ёзиб, Сизга мурожаат қилмоқдаман. Бобом Даниел Романчик бувим Оксана билан Сизнинг юртингизга жўнатилибди. Мен Сизнинг юртингиз одамларидан уларни ўз бағрига олганликлари, оғир кунларда қўллаб қувватлаганликлари, қийинчилик кунларида бир тўғрам нонни бирга баҳам кўрганликлари учун миннатдорман.
Уларни қаровсиз қолмаганликлари, ўзбек деган улуғ миллат бағридан жой берганлиги мени душманларга қарши мардонавор курашга руҳлантиради. Фашистларга ўлим. Тез кунларда уларни юртимиздан қувиб чиқарамиз.
Оддий аскар Романчик С.А.
Полевая почта 641378

Фронт ортида меҳнат қилган ота-боболаримизнинг Иккинчи Жаҳон уруши йилларида ғалаба учун ҳаракатлари, қўшган ҳиссаларини кўрсатувчи мактублар ҳам туман Давлат архивида сақланмоқда. Қуйидаги мактуб мазмуни шундай:
Андреев номли колхознинг барча колхозчилари ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан урушда ғалаба қилишга ўз ҳиссаларини қўшишга аҳд қилганлар. Биз,- дейилади мактубда –гигант қурилиш бўлган Фарҳод ГЭСининг 70000 азаматлари Мурожаатномасидаги чақириқларига қўшилиб фронт ортини мустаҳкамлаш ҳамда шонли Қизил Армия куч ва қувватини ошириш ва гўзал Ватанимизнинг азиз тупроғидан немис-фашист босқинчиларни, разил гитлерчи қонхўр лаънатиларни ҳайдаб чиқариш ва тор-мор келтириб тез кунлар ичида ғалаба қозониш учун партия ва ҳукуматимизнинг кўрсатган сўровидан бир кун илгари яъни 1943 йил 14 апрел куни 112 гектар пахта майдонимизни сифатли қилиб экиб тамомладик. 16 апрель куни қўшни бўлган «Комсомол» колхозига бутун кучларимиз билан ўтиб 2-3 кун ичида пахта майдонини экиб беришга ёрдам берамиз, деб колхоз раиси Тожибоев, Ҳосилот совет раиси Юнусов.
Фашизмга қарши жангда 420 мингга яқин ўзбекистонлик жон бериб, жами респуб­ликанинг қарийб бир ярим миллиондан ортиқ фуқароси фронтга кетган, 640 000 нафари жароҳатланган. Рес­публикада 15 та бўлинма ва бригада йиғилган.
Уруш йилларида 120 минг киши орден ва медаллар билан тақдирланган. Улардан 338 таси Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига, 53 таси «Шуҳрат» ордени соҳибига айланди.
1942 йилга келиб респуб­ликага кўчириб келинган 100 га яқин барча саноат корхоналари тўла қувват билан ишлаб, фронтни ҳарбий техника, ўқ-дори ва асбоб- ускуналар билан таъминлаган эди. Ушбу саноат корхоналарига 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган эркаклар, 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар сафарбар этилиб, улар кунига 11 соат ишлаган.
Ишчи кучи камлиги туфайли 12 ёшдан ўсмирлар ишга жалб этилган.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нафақат фронтга, балки озод этилган шаҳар ва туманларга ҳам етказиб берган.

Ш. МАМИТОВ,
туман давлат архиви бошлиғи

Улашинг: