Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Бундай Ватан қайда бор?

Бизни Янгиқишлоқдаги 44-умумий ўрта таълим мактабига “Таълимда сифат самарадорлигини ошириш фан ойлиги” доирасида ўтказиладиган туман семинарига таклиф қилишди. Мактабга етиб келганимизда тумандаги мактабларнинг маънавий-маърифий ҳамда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарлари жамулжам эди.
Мактаб остонасидан кириб боришимиз билан рақслар шоҳи “Андижон полкаси” янг­ради. Мактаб юқори синф ўқувчиси Моҳичеҳра Комилжонова йигитлардек шўх шодон тушган рақси, фольклор санъати соҳибаси Мавлудахон Абдуллаеванинг куйлаган лапари ва Фахриёр Абдуллажоновнинг устоз ўқитувчиларга атаб ифодали ўқиган шеъри семинар иштирокчиларининг кайфиятини кўтариб юборди. Атрофда оилавий китобхонликка берилган ота-оналар, фарзандлари билан тасвирий санъатга ихлосманд оталар, спортнинг шахмат-шашка, муай-тай, бокс турлари билан шуғулланаётганлар, дурадгорчилик, чеварчилик касби бўйича ўз маҳсулотлари билан тизилиб турган ўқувчилар. Уларнинг юзлари, сўзларида касбга, спортга, китобхонликка, санъатга бўлган қизиқишлари шундоққина акс этиб турибди. Ғиштхона кўчасидан Жаҳонгир Исмоиловлар спортчи оиласи мактабда ўтказилган кўпкураш мусобақасида ғолиб бўлсалар, Озодахон Дилмуродова, Диёра Ваҳобовалар энг яхши китобхон, тасвирий санъат бўйича, Шуҳратбек Йўлчиев ошпазлик касби бўйича ўзларини кўрсатишди. Физкультура ва спорт бўйича Ёқутбек Турсуновнинг ютуқлари алоҳида эътироф этгулик. У муай-тай бўйича республикада биринчи ўринни эгаллади. 5 нафар муай-тайчи 2-3-4 ўринларга сазовор бўлдилар.
Семинар якуний йиғилиши олдидан 9-синф ўқувчилари “Юлдузли тунлар” асари асосида шоҳ ва шоир Бобурнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида қисқача саҳна кўринишини намойиш этдилар. 5-синф ўқувчилари томонидан намойиш этилган қўғирчоқ театри томошалари кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Шунингдек Тошкентдаги “Шарқ зиёкори” нашриётининг Андижон китоб савдоси вакили Ҳаётилло Одилов китоб­лар ярмаркасини ташкил этди.
Йиғилишда 8-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Улуғбек Қўчқоров, 13-умумий ўрта таълим мактабидан Зиёдахон Исоқова ва бошқалар ўзлари қатнашган синф­лардаги инглиз тили, информатика, математика ва бош­қа фанлардан ўқитувчиларнинг дарс бериш жараёнидаги ютуқлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Семинарда иштирок этган туман халқ таълими бўлими мудирининг маънавий ва маърифий ишлари бўйича ўринбосари Соҳибжамол Азимова бундай семинарлар шу куннинг ўзида беш жойда ўтаётганини айтиб, мактаб жамоасининг таълимда сифат самарадорлигини ошириш фан ойлиги ишларидан ташқари “5 муҳим ташаббус” доирасида ўзлари ташаббус билан тайёргарлик кўрганликларини алоҳида таъкидлади.
—Бундан икки йил аввал бу мактабнинг аҳволи талаблар даражасида эмас эди,—дейди мактаб директори Манзурахон Болтабоева. —Президентимиз, вилоят, туманимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан мактабимиз қайта қурилди. Ҳозир гўзал, кўркам биномиз, спорт залларимиз, ошхона, буфетларимиз бор. Таълимга алоҳида эътибор бераётган, ўқитувчилари меҳнатини қадрлайдиган бундай Ватан қайда бор… Бундай ғамхўрликка жавобан биз албатта билимли, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, баркамол авлодни тарбиялаш, билим бериш учун албатта бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз.
Мактабда ваъдага вафо қилиняпти, десак янглишмаймиз. 2018-2019 ўқув йилида турли фан олимпиадаларида, китобхонлик, санъатда, спорт мусобақаларида туман, вилоят, республика босқичларида 1- ҳамда нуфузли ўринларни эгаллаган ўқувчилар сони кўпайди. Билим, тарбия беришда ёш ўқитувчилар сафи кенгаймоқда. Туманда фанлар ўқитилиши ва бошқа барча йўналишларда рейтинги кўтарилди. Ҳа, таълим сифатига эътибор, ўқитувчиларнинг ишлашларига шарт-шароит яратиш бу тизимда ўсишни таъминламоқда.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
«Пахтакор» махсус мухбири

Улашинг: