Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ИШДАН НОҲАҚ БЎШАТИЛГАНДА…

Мухбиримизнинг фуқаро ноҳақ ишдан бўшатилганда ўз ҳуқуқини тиклаш учун нима қилиши кераклиги ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқлари ва меҳнат низолари мавзусида берган саволларига Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди судьяси Азизбек ДЖАЛИЛОВ қуйидагича жавоб берди:

— Ўзини ишдан ноҳақ бўшатилган деб ҳисоблаган ходим судга мурожаат қилиш учун қандай ҳужжатлар тақдим этиши керак бўлади?
Ўзини ноҳақ ишдан бўшатилган, деб ҳисоблаган ходим Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 270-моддаси талабига кўра ишга тиклаш низолари бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида, бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой муддат ичида судга даъво ариза киритишлари лозим бўлади. Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.
Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича эса судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.
Ходим ишга тиклаш учун судга ариза киритишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 188-191-моддалари талабига кўра даъво ариза киритиши ва бу даъво аризага ўзи билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхасини албатта илова қилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси МКнинг 277-моддаси талабига кўра ходимлар меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат қилганларида суд харажатларини тўлашдан озод этилганликлари сабабли давлат божи тўламайди. Лекин, ходим дастлаб судга даъво ариза киритишда почта харажатлари учун белгиланган тартибда ва миқдорда тўлаши шарт.
— Агар ходимларни ишга тиклаш масаласида судга прокурор ёки бошқа ваколатли органлар томонидан уларни ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда даъво аризалар киритилганида даъво муддати қўлланиладими?
— Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрел кунги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги 12-сонли Қарори 2-банди талабига кўра юқоридаги муддат прокурор, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари томонидан берилган даъволарга нисбатан ҳам тадбиқ этилади. Аммо, ушбу қарорнинг 3-банди талабига кўра судья даъво қилиш муддати ўтказиб юборилган деган асос билан даъво аризани қабул қилмасликка ҳақли эмас.
Суд даъво муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб топса, бу муддатни тиклайди. Агар суд ишдаги ҳужжатларни ҳар томонлама текшириб, судга мурожаат қилиш муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини аниқласа, даъвони рад этади.
— Амалиётда асосан ходимларнинг қандай ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан бузилганлиги кўпроқ учрайди?
— Биринчи ҳолат — иш берувчи томонидан ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлсада бу талабга риоя қилмаганлиги;
— Иккинчи ҳолат — иш берувчи томонидан ходимга интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади деб белгиланган бўлсада асоссиз равишда бу муддатни ўтказиб юбориб жазо тайинлаганлиги;
— Учинчи ҳолат — агар жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган бўлсада аммо иш берувчи томонидан касаба уюшмаси розилигини олмасдан туриб меҳнат шартномасини бекор қилганлиги;
— Тўртинчи ҳолат — ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланиши назарда тутилган бўлсада, аммо бундай қоидада назарда тутилмаган хатти-ҳаракат учун ҳам меҳнат шартномасини бекор қилганлиги;
— Бешинчи холат — ходимни вақтинча меҳнатга қобилиятсиз даврида ёки уни меҳнат таътилида бўлган вақти давомида у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда ходимларнинг ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан бузилганлиги кўпроқ учрайди.
Ушбу юқоридаги бешта ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган.
— Агар ходим суднинг қарори билан аввалги ишига тикланса, иш берувчи томонидан ходим фойдасига қандай пул маблағлари ундирилади?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси МКнинг 112-моддасида меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилганлик ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги белгиланган бўлиб, унга кўра ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.

Суҳбатдош: Ойистахон ИСЛОМОВА.

Улашинг: