Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МУСТАҚИЛЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК РАМЗИ

8 ДЕКАБРЬ — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИ

6 бўлим, 26 боб, 128 модда ва Муқаддимақисмидан иборат  Мустақиллик ва барқарорлик рамзи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – халқимизнинг истиқлол йилларида эришган буюк тарихий ютуғи. Зеро, айнан асосий Қонунимиз суверен давлатимизнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди. Юртимизда ҳуқуқий демократик ва очиқ фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда асосий Қонунимиз мустаҳкам замин, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ бўлиб келмоқда.  Конституция – биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъий назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя.  Бош Қонунимиз- нафақат бугунги куннинг қомуси, балки у эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, фарзандларимиз йўлини ёритиб турувчи маёқдир. Шундай экан, жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносига етиб бориб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз даркор.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Конституцияси яратилиш жараёнида қайсидир давлатдан кўр-кўрона кўчириб олинмаган. Ўзбекистон Конституцияси энг тараққий этган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган. Ўтган давр мобайнида  мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 15 та кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди. Президентимиз сессияда Конституцияни “халқчил қомус” деб атаб, унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлагани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилганини, сайқал топганини таъкидладилар.  Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгаришлар, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна  бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.      Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.   Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

Конституцияга кўра, Ўзбекистон – Президентлик бошқарув шаклидаги суверен демократик республика ҳисобланади. Конституцияда давлатни, жамиятни ривожлантиришнинг демократик омиллари белгилаб берилган бўлиб, унда Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга: Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга, қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар, фармойишлар қабул қилади.

Ўзбекистон Конституциясида Ўзбекистон президенти, фуқаролар томонидан умумий, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланиши белгиланган.

Ўзбекистон Конституциясида жамият ҳамда давлатнинг ҳаётидаги энг муҳим масалалар умумий овоз (референдум) га қўйилиб, ҳал қилинади.

Конституцияда Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ҳамда президенти иш олиб бориши кўзда тутилган бўлиб, Давлат ҳокимияти эса учга – қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимиятига бўлинади.

Ўзбекистон Конституциясида, давлат, ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Конституция биринчи бўлими, “Асосий принциплар” деб аталади. Унда давлат шакли ҳамда суверенитетини намоён этувчи хусусиятлар белгиланган;

Конституция иккинчи бўлими, “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланади ва шахснинг ҳуқуқий ҳолатига тааллуқли барча жабҳаларни ўз ичига олган;

Конституция учинчи бўлими, “Шахс ва жамият” бўлиб, унинг бобларида жамиятнинг иқтисодий муносабатлар негизи акс этган;

Конституция тўртинчи бўлими, “Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши”га бағишланган. Унда мамлактимизнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий ҳолати алоҳида-алоҳида бобларда белгилаб берилган.

Конституция бешинчи бўлими, энг йирик боб ҳисобланиб, “Давлат ҳокимиятини ташкил этиш” деб номланади. Бу бобда Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси президенти сайлаш тартиби, ваколатлари ва ўзаро муносабатлари асослари белгиланган. Боб, шунингдек, давлат бошқарув органларининг ташкил этиш тартибини ҳам ўз ичига қамраб олади.

Конституциянинг охирги олтинчи бўлими эса, “Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби”га ажратилган.

Конституция билан давлат ва жамият ривожланишининг демократик тамойиллари белгилаб қўйилган. Республикада рўй бераётган демократик ўзгаришлар давомида Конституцияга ҳам ўзгаришлар киритиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳозирги кунга қадар 14 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Муҳаммаджон МАВЛОНОВ,

Избоскан туман юридик хизмат кўрсатиш марказининг бошлиғи.

Улашинг: