Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга оширишда Давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Концепция доирасида қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орасида давлат хизматлари кўрсатишнинг «маъмурий регламентлари» алоҳида аҳамият касб этади. Чунончи маъмурий регламент институтидаги ўзгаришлар хизмат кўрсатиш соҳасини ҳар томон учун қулай қилишга хизмат қилади.
Ягона дарча марказларининг Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳанинг самарали ишлай бошлашига туртки бўлди. Марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакат жаҳоннинг «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга кўтаришга эришди. 2020
йилда бу кўрсатгич бўйича давлатимиз 8-ўринни1 эгаллади.
Давлат хизматлари кўрсатиш тизими профессионал даражага олиб чиқилса ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида коррупциянинг олди олинади.
Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларга таълим, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар, солиқ, лицензия лаш, божхона, тадбиркорлик ва бошқа соҳалар бўйича Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ёхуд хизматнинг хусусиятига қараб анъанавий усулда хизмат кўсатилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, Давлат хизматлари ягона реестрида (рўйхат рақами 3021, 2018 йил 1 июнь) 716 турдаги давлат хизматлари белгиланган бўлиб, ушбу хизматлар 80 та давлат органи ва ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда. Давлат хизматларининг деярли 400 таси анъанавий усулда ваколатли давлат органи ва ташкилоти томонидан кўрсатилмоқда. Қолгани турлари эса электрон шаклда Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда.
Шу ўринда ички ишлар органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматларини ҳам таъкидлаш мақсадга мувофиқ.
Хусусан, Давлат хизматлари ягона реестрига (рўйхат рақами 3021, 2018 йил 1 июнь) мувофиқ ички ишлар органлари томонидан 46 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Масалан, 2018 йилнинг май ойидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-қарори билан тасдиқланган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намунасини Давлат хизматлари марказлари орқали бериш йўлга қўйилди. Хизмат кўрсатиш 20 дақиқа вақт олади. 2018 йил 4 октябрдаги 797-қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ судланганлик ҳақида маълумотнома бериш ҳамда манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 1 иш кунида амалга оширилаяпти.
Маъмурий регламентлар ҳақида
Маълумки, маъмурий регламентлар институти давлат бошқарув органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган «маъмурий регламент»лар аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффофлигини таъминлаб, хизмат кўрсатишни ихчамлаштирди. Давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва улар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлардаги ноаниқликни кеткизиб, мувофиқлаштирди.
Илмий адабиётларда айрим олимлар маъмурий регламентларни ҳар хил асосларга2 кўра икки гуруҳга таснифлашади. Биринчи гуруҳга ижро ҳокимиятининг ички регламентлари, иккинчи гуруҳга давлат функциялари ва давлат хизматлари кўрсатишга оид маъмурий регламентлар кириши3 таъкидланган.
Назаримизда, маъмурий регламентга давлат ҳокимияти органлари билан аҳоли ўртасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги муносабатларнинг механизмларини очиб берувчи ҳуқуқий ҳужжат сифатида қараш мақсадга мувофиқ. Чунки давлат органи томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат (буйруқ, фармойиш), агар аҳоли манфаатлари билан боғлиқ бўлиб, давлат органи ва фуқаро ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни ўрнатишга қаратилаган бўлса, Олий Мажлис, Президент ёки ҳукумат томонидан қабул қилиниши маъқулдир.
Шу ўринда миллий қонунчилигимизга назар ташлайдиган бўлсак, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунда маъмурий регламентлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг алоҳида тури сифатида белгиланмаган бўлса ҳам ҳукумат қарорлари билан тасдиқланмоқда. Миллий қонунчилигимизда маъмурий регламентлар давлат органлари томонидан амалга ошириладиган давлат хизматларининг тартиби, муддатлари, нархи тўғрисида маълумотларни акс эттирувчи ҳуқуқий ҳужжат экан, уни ижро ҳокимияти – Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини ҳисобга олган ҳолда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туркумига киритиш мақсадга мувофиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маъмурий регламентлар қуйидаги белгиларга эга эканлигини кўришимиз мумкин:
биринчидан, қонуности ҳужжат сифатида маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солишга қаратилган, хусусан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади;
иккинчидан, унда моддий нормалар эмас, балки маъмурий тартиб-таомилларга оид нормалар, яъни давлат хизматларини кўрсатиш тартиби, муддати ва хизматларни амалга оширишнинг кетма-кетлиги, ҳужжатлар намунаси акс эттирилиши лозим;
учинчидан, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилинмаслиги керак, қонунларга ҳавола қилиш бундан мустасно.
Бугунги кунда қабул қилинаётган маъмурий регламентлар давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш билан бирга идоралараро электрон маълумот алмашинув тизимини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида хизмат кўрсатишнинг анъанавий усулидан босқичма-босқич воз кечишни тақозо этади.
Хусусан, ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг 34 таси анъанавий усулда, 7 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ва 5 турдаги хизматлар Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириб келинмоқда. Ушбу давлат хизматларининг атиги 2 таси, яъни судланганлик ҳақида маълумот бериш ҳамда манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланган.
«Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясида Ички ишлар вазирлиги анъанавий шаклда кўрсатадиган давлат хизматларига нисбатан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган электрон давлат хизматларининг улуши 2021 йилда 20 фоизга оширилиши кўзланган. 2022 йилда эса 40 фоизга етказилади. Шунингдек, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонига нисбатан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган хизматлар улушини 2021 йилда 20 фоизга ўстириш белгиланган. 2022 йилда эса 50 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Мазкур стратегияда фуқаронинг идентификация ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш ҳамда фуқароликка қабул қилиш ёки тиклаш, чиқиш ва шу каби хизматларни Ягона интерактив давлат хизматлари порталида амалга ошириш белгиланган.
Ички ишлар органлари томонидан кўрсатиладиган мазкур давлат хизматларининг ҳуқуқий асосларини маъмурий регламентларни қабул қилиш орқали мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ.
Хусусан, идентификация ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш ҳамда фуқароликка қабул қилиш, тиклаш, чиқиш ва уни йўқотиш хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларида қуйидаги масалаларни акс эттириш мақсадга мувофиқ:
- идентификация ID-картасини олишга электрон мурожаат қилиш, фуқароликка қабул қилиш ва чиқиш юзасидан электрон шаклда дастлабки ариза юбориш учун ундириладиган давлат божлари, шунингдек, бошқа хизматлар учун тўланган давлат божи ва йиғими ҳисобини «Электрон ҳукумат»нинг ягона биллинг тизими орқали юритишни белгилаш;
- идентификация ID-картасини олиш учун электрон мурожаат қилиш, фуқароликка қабул қилиш ва чиқиш юзасидан электрон шаклда дастлабки ариза юбориш бўйича давлат хизматини ЯИДХП орқали кўрсатилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш;
- ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этиш.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида маъмурий регламентларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг вақтларини тежашга ёрдам беради. Ишда янгича электрон ёндашув миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларнинг олдини олади. Шунингдек, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган улуғвор ғояни руёбга чиқаришга хизмат қилади.
Маҳаммаджон МАВЛОНОВ,
Избоскан тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази раҳбари.