Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Шартнома нима, кредит шартномасичи?

 Келинг, аввало шартнома тушунчаси ҳақида қисқача тўхталсак: шартномани тарафларнинг келишувига асосан танлаш йўли билан тузилган қонуний ҳужжат деб изоҳласак хато қилмаймиз. Шунинг учун ҳам “шартнома-қоида” деб тан олиниб юритиладиган ибора бор. Шартнома турлари кўп. Масалан: олди-сотди, ҳадя, ижара, пудрат, қарз, мол-мулк ва ҳаказо шаклда тарафларнинг келишуви билан тузиладиган шартномаларни мисол келтириш мумкин. Кредит шартномаси ҳам  шундай шартномалардан бири.

Мамлакатимиз мустақиллигидан кейин кўплаб мулкчилик шакллари вужудга келган. Фермер хўжалиги, кичик бизнес, тадбиркорлик йўналишларидаги фаолиятлар кучайиб бормоқда. Тадбиркорларнинг тижорат банклари билан ўзаро муносабатлардаги келиб чиқаётган муаммоларни адолатли, ошкора ва қонуний ҳал қилишни таьминлаш учун суд ҳуқуқ тизимида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034 сонли Фармонида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини фаолият олиб бориши белгиланган.

Маълумки тадбиркорларга тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида, тадбиркорлик субъектларининг юқори технологияли ва инновацион лойиҳаларини, ишлаб чиқариш микрофирмаларини, кичик корхоналарни, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштириш учун кредит маблағлари ажратилади. Кредитлардан тўғри мақсадда фойдаланиш, тадбиркорларга кредит ажратиш ва амалдаги қонунларга таяниб шартномалар асосида фаолият олиб бориш йўлидаги низоларни кўриб чиқиш бизнинг иқтисодий судловимиз фаолиятига киради.

Избоскан туманлараро иқтисодий судига 2021 йил давомида жами 1297 та даъво ариза ва аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 135 таси кредит шартномаси билан боғлиқ низолар ҳисобланади. Мазкур 135 та иқтисодий ишлардан 1 таси бўйича иш юритишдан тугатилган, 5 таси бўйича кўрмасдан қолдирилган, 1 таси бўйича қабул қилиш рад этилган, 3 таси эса қайтарилган, 1 таси бўйича қаноатлантириш рад этилган,  41 таси даъво аризалар қисман қаноатлантирилган, 81 таси тўлиқ қаноатлантирилган, қолган 3 та иқтисодий ишлар 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган.

Мазкур иқтисодий ишларни туманлар кесимида тахлил қилинганида, Андижон шаҳрига 3 таси, Балиқчи туманига 39 таси, Бўстон туманига 2 таси, Избоскан туманига 32 таси, Пахтаобод туманига 57 таси ва Шахрихон туманига 2 таси тўғри келади.

Юқоридаги иқтисодий ишларни кўриш жараёнида тадбиркорларнинг молиявий, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларни мукаммал билмасликлари, ўзаро тарафлар ўртасида тузилган шартномаларда баъзи бир камчиликларга йўл қўйилганлиги, тарафлар томонидан келишувдаги мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари аниқланмоқда.

Масалан, “Микрокредитбанки” АТБ билан якка тартибдаги тадбиркор ўртасида 16.09.2020 йилда парранда ва парранда клеткаларини сотиб олиш учун кредит шартномаси тузилган. Кредит шартномасининг 1.1-бандига асосан даъвогар 29.900.000 сўм миқдорида, 36 ой муддатга, 6 ой имтиёзлик давр билан, йиллик 15 фоиз устама тўлаш шарти билан жавобгарга кредит маблағлари ажратилган, жавобгар кредит тани ва фоизларини тўлов жадвалига асосан ўз вақтида тўлаб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Кредит шартномасида кредит маблағлари ва фоизлари тўланиб борилиш муддатлари ҳақида келишилган бўлса-да, жавобгар ушбу тўлов муддатларини бузиб, кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятини бажармаган. Бунинг натижасида 12.08.2021 йил ҳолатига жавобгарнинг кредит шартномасига кўра, муддати ўтган кредит танидан 6.313.598 сўм қарздорлиги юзага келган.

Даъвогар 2021 йил августь ойида жавобгарга муддати ўтган кредит тани ва фоизларидан бўлган қарздорликни тўлашни, акс ҳолда кредит қарздорлигини муддатидан олдин қайтариш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳақида талабнома тақдим этилган.

Лекин талабнома жавобгар томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Суд мазкур низони адолатли, ошкора ва қонуний кўриб чиққан ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилган ва даъво талаби қаноатлантирилган.

Шуларни назарда тутиб биз иқтисодий судлар бевосита тадбиркорлар ўртасида тушунтиришлар ишлари олиб боришга ҳамда суд ишларни очиқ-ошкора тарзда жамоатчилик билан ўтказишга аҳамият бермоқдамиз. Бундан кўзланган мақсад, келажакда тижорат банклари билан тадбиркорларимиз ўртасида тузилган кредит шартномаларнинг ижро этилишида муҳим аҳамият касб этади деб ҳисоблаймиз.

 

Р.Г.Асқаров,

Избоскан туманлараро

иқтисодий судининг раиси.                                                      

 

Ё.Тожибоева,

Судья ёрдамчиси.                                                                             

 

Улашинг: