Суд-ҳуқуқ тизимида охирги беш йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотларга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу даврни ҳеч иккиланмасдан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг янги даври деб аташ мумкин. Боиси ушбу даврда суд ҳимоясини таъминлашда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва тизимда мавжуд бир қатор камчиликларни бартараф этиш, соҳани ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар ташланди.
Хусусан, ушбу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Судларнинг халқчил ва очиқ бўлиши, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш каби чоралар белгиланди. Шунингдек, тизимга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди, жумладан, 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, қолганларига жиддий ўзгартишлар киритилди, “Судлар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди ва улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, бундан бир неча йил илгари мамлакатимиз тарихида илк маротаба маъмурий судлар ташкил этилиб, улар зиммасига давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ва хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришдек ғоятда муҳим ҳамда масъулиятли вазифа юкланганди.
Кейинчалик, маъмурий судлар фаолияти такомиллаштирилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилди. Бунда асосий эътибор нафақат судларга бўлган ташқи таъсир ва аралашувларни бартараф этиш, балки мазкур тоифадаги ишларнинг ҳажмидан келиб чиқиб, бутун республика бўйича судьялар ўртасида адолатли иш ҳажмини тақсимлашга ҳам қаратилди.
Ҳурматли, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 6 ноябр куни иннагурация маросимида хусусий мулк ҳуқуқини кафолатларига оид ўз фикрларни илгари сурди, яъни ушбу маросимда нутқ сўзлаган давлатимиз раҳбари мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш таклифини берди.
Шунингдек, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратиш зарурлигини, бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади деб таъкидлаб, “Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаймиз.
Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади», — деди давлатимиз раҳбари.
Шундан келиб чиқиб, маъмурий судларни ваколатларини кенгайтириш бугунги кун давр талаби эканлиги яққол кўзга ташланмоқда.
2022 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сонли Қарори қабул килиниши маъмурий судлар фаолиятини мустаҳкамловчи муҳим ҳужжат бўлди.
Мазкур қарор билан давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган қуйидаги тартиблар жорий этиш назарда тутилди:
— маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш;
— ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш;
— маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш;
— оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилиш.
Бундан ташқари, судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли судга қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш;
— маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш;
— бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлган бир неча талабни бирлаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди.
Мазкур қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончи ошишига хизмат қилади.
А.Шерматов,
Андижон туманлараро
маъмурий судининг раиси