Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.02.2022 йилдаги «Уй-жойлар қурилиши ва қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-139-сон қарори қабул қилинди.
Қурилиш соҳасини ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, ҳудудларда аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилишини таъминлаш мақсадида:
- республиканинг 24 та туман ва шаҳарлари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади;
- республиканинг 8 та туманида хом ашёни қазиб олишдан уни қайта ишлаш, лаборатория текширувидан ўтказиш, тайёр қурилиш ва пардозбоп материаллар ишлаб чиқаришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи қурилиш материаллари кластерлари ташкил этилади;
- республиканинг 16 та туман ва шаҳарларида бошқа ҳудудлар билан саноат кооперациясини ташкил қилиш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади;
- ҳар бир ҳудудда камида биттадан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришдан қурилиш объектларини лойиҳалаштириш ва тайёр кўп қаватли уй-жойлар қуришгача қўшилган қиймат занжирини яратувчи уй-жойлар қурилиши кластерлари ташкил этилади.
2022 йил 1 мартдан бошлаб:
- барча юридик шахсларга республикада ишлаб чиқариладиган цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини чекловларсиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилади;
- 2024 йил 1 январга қадар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга (уларнинг ваколатли вакилларига) қурилиш материалларини барча мамлакатларга, шу жумладан чегарадош давлатларга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50%игача миқдорини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.
С.Матмусаев
Андижон туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси