Барчамизга маълумки сўнгги йилларда республикамизда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларида бюрократияни камайтириш, хизмат кўрсатиш муддатларини қисқартиришга, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигига эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхтидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг тартиб тамоиллари қатъий белгилаб қўйилди. Бугунги кунга келиб жисмоний ва юридик шахсларга кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида кадастр идорасига келмасдан онлайн мурожаат қилиш имкониятлари хам яратилди.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши албатта давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Чунки юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради. Шунинг учун ҳам давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси “Кўчмас мулк объекталарига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандида Кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёхуд ушбу объект бўйича ашёвий ҳуқуқлар эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, чекланган ёки бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб, бир ой муддатда Низомнинг 21, 22, 23, 30, 31, 32, 35, 38, 39, 40, 41, 42, 43-бандларида кўрсатилган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида ариза билан Давлат хизматлари марказларига ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали, гаров хати расмийлаштирилганда ва ипотека шартномаси рўйхатдан ўтказилганда эса — кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари шарт деб;
Низомнинг 14-бандида Рўйхатдан ўтказувчи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни давомида давлат рўйхатидан ўтказиши белгилаб қўйилди.
Демак ушбу Низом талабларига кўра кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бир ой муддат ичида давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси туман, шахар филиалларида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Шундай бўлишига қарамасдан кўпчилик фуқароларимиз жавобгарликни хис этишмасдан ўзларига тегишли уй-жойлари, бошқа кўчмас мулк бинолари ва ер участкаларини кадастр хужжатларини расмийлаштирмасдан ва давлат рўйхатидан ўтказмасдан фойдаланиб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 68-1 моддасида Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима жазоси берилишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари кўчмас мулкларни кадастр хужжатларини ўз вақтида расмийлаштириш ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш шу шу кўчмас мулклар учун солиқ ставкаларини белгилашда ҳам афзалликларга эга деб ҳисоблайман.
Чунки Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 422-моддасини 2-қисмига асосан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан рўйхатга олинмаган янги қурилган уй-жойларга нисбатан солиқ ставкаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан тақдим этилган ахборот асосида мулкнинг шартли қийматига нисбатан икки баравар миқдорида қўлланилишлиги белгилаб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда уй-жой, кўчмас мулк бино ва иншоатлари ҳамда ер участкаларимизга бўлган ҳуқуқларни ўз вақтида давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси туман шаҳар филиалларида давлат рўйхатидан ўтказишимиз, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишлигини унутмаслигимиз керак. Зеро кадастр сохасида амалда бўлган норматив ҳуқуқий хужжатларга амал қилиш ва қонун бузилиш холатларига йўл қўймаслик барчамизнинг бурчимиздир.
А. КАРИМОВ, Олтинкўл тумани юридик хизмат
кўрсатиш маркази бош юристконсульти