Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-81-сон фармони қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорга мувофиқ Оила, хотин-қизлар ва кекса авлод вакиллари билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш энг устувор вазифалардан бири сифатида келтириб ўтилган. Шунингдек, Қуйидагилар оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланган:
хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш; гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш;
ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;
турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш;
оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни “Аёллар дафтари” орқали манзилли қўллаб-қувватлаш;
оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш.
Мазкур фармон асосида хотин-қизларни қўлаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қўмита ташкил этилиши ҳам кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Республикада оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларига тизимли ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита), унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган. Шунингдек, мазкур фармон асосида янги ташкил этилган қўмитанинг асосий вазифа ва функсиялари ҳамда фаолиятининг асосий йўналишлари ҳам белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, фармон асосида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор лавозимлар таъсис этилиши ҳам кўрсатиб ўтилган. Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда бир нафардан жорий этилиши белгиланган бўлса, қуйидаги лавозимлар бекор қилиниши белгиланди:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасидаги — Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозими;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларидаги — ҳоким ўринбосарлари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари лавозимлари;
туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларидаги — ҳоким ўринбосарлари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари лавозимлари тугатилиши белгиланди.
Д. Урманова
Асака туман юридик хизмат кўрсатиш
маркази бош юрисконсулти