Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

МАКТАБ КАДРЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимлари ходимлари айрим тоифалари меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича разрядлар”га кўра ушбу лавозим учун тегишли маълумот даражасидан келиб чиқиб ягона тариф сеткаси бўйича 6 ва 7 разряд қўлланилиши белгиланган.
Бироқ, бугунги кунда Кадрлар бўйича менежер (инспектор) лавозимида ишлаётган ходимларга ҳақиқатда белгиланган лавозим маошидан паст бўлган иш ҳақи тўланаётганлиги юзасидан жойлардан кўплаб эътирозлар келиб тушган. Бу эса ушбу ходимларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлган.
Юқоридагиларга кўра, Андижон вилоят адлия бошқармаси ҳузуридаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан вилоятдаги 738 та давлат ўрта таълим мактабларидаги кадрлар хизмати ходимларига ойлик маош тўлаш амалиёти ўрганилди.
Ўрганиш ўтказилган мактабларда 738 кадрлар хизмати ходимлари штат бирликлари мавжуд бўлиб, уларда 757 нафар (0,5 ставка ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ходимлар фаолият юритмоқда. Ушбу ходимларнинг 29 нафари олий маълумотли, 728 нафари олий маълумотга эга бўлмаган мутахассислардир.
Ўрганиш давомида аксарият туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан мактаблардаги кадрлар бўлими ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари паст белгилангани аниқланди.
Хусусан, 3 та ҳолатда 3-разряд, 479 та ҳолатда 5-разряд, 479 та ҳолатда 6-разряд ва 8 та ҳолатда 7-разряд этиб белгиланган.
Қонунчиликка зид равишда паст разряд бўйича иш ҳақи тўланиш ҳолатлари юзасидан бошқарма томонидан 16 та таъсир чоралари киритилиб, унга кўра 288 та ходимнинг лавозим разрядини мувофиқлаштириш сўралган.
Бундан ташқари, қонунчилик талабларига зид равишда ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари асоссиз пасайтирилиши натижасида жами 9 млрд. сўмга ойлик маошлар кам тўланган.
Ҳозирда ҳудудий адлия органлари томонидан кам ҳисобланган ойлик маошларини тўлатиб бериш юзасидан туман шаҳар Ҳалқ таълим бўлимларига қонун ҳужжатлари бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритилиши таъминланди ва ижроси назоратга олинди.

М.Ахматохунов,
Бошқарманинг Ҳуқуқий экспертиза
ва юридик хизматларнинг фаолиятини
мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи.

Улашинг: