Ўзбекистонда жамоат фондлари фаолияти 2003 йил 11 октябрдаги “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Жамоат фонди деганда, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти тушунилади.
Фондларнинг фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари уларнинг уставларида кўрсатилган бўлади.
Фонд ўз фаолиятининг ошкоралигини таъминлаши ва мол-мулкидан фойдаланилиши тўғрисида ҳар йили ҳисоботлар эълон қилиши унинг мажбуриятларидан саналади.
Фонднинг мол-мулкидан фонд уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда маъмурий харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.
Фонднинг ҳар йилги маъмурий харажатларнинг жами суммаси, шунингдек фонднинг васийлик кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзоларига ҳақ тўлаш ҳамда уларнинг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш фонд барча харажатлари суммасининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак. Мазкур чеклов ҳомийлик дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга нисбатан қўлланилмайди.
Маъмурий харажатлар фонд томонидан ҳисобот даврида фондни бошқариш учун қилинган барча харажатларни ва биринчи навбатда унинг активларини асраш ҳамда сақлаб туриш учун зарур харажатларни, фонднинг ўз уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун рекламага сарфлаган харажатларини, шунингдек қонунчиликка мувофиқ фонд фаолияти билан боғлиқ харажатларни ва тўловларни ўз ичига олади.
Қонунчиликка кўра, фондлар ҳар йили олдинги йилдаги ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботни ОАВда эълон қилиши шарт.
Ҳисоботда фонднинг ҳисобот давридаги фаолияти шарҳи, фонднинг йиллик молиявий ҳисоботи, фонд олган ихтиёрий хайриялар тўғрисидаги маълумотлар, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар ва уларнинг манбалари, харажатлар умумий суммаси, фонд устави ва фонд органларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар, фонднинг уставида ёки фонднинг васийлик кенгаши томонидан белгиланган бошқа маълумотлар кўрсатилади.
Шунингдек, фонд қонунчиликка мувофиқ ҳар йили ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказади. Аудиторлик ташкилотини фонднинг васийлик кенгаши танлайди. Шу ўринда, фондга алоқадор шахслар фонд фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказишга аудитор сифатида жалб этилиши мумкин эмаслигини қайд этиш керак.
Қ. Усманов,
Андижон вилоят адлия бошқармаси
катта маслаҳатчиси