«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 71-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра:
— «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ер участкаларини хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш, шунингдек, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш йўли билан амалга оширилиши;
— қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси — қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси);
— Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида» 2019 йил 2 декабрдаги 963-сон қарорига мувофиқ Сирдарё вилоятида «Yerхususiylasнtirish» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Шунингдек, қарорга кўра
— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш «Yerхususiylasнtirish» ААТ орқали амалга оширилади («Yerхususiylasнtirish» автоматлаштирилган ахборот тизими — ушбу тизимга уланган ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича маълумотларни йиғиш, кўриб чиқиш ва келишиш ишларини амалга ошириш мақсадида фойдаланиладиган автоматлаштирилган ахборот тизимидир);
— Давактив агентлиги «Yerхususiylasнtirish» ААТнинг техник қўллаб-қувватлаш бўйича оператори ҳисобланади;
— қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк ёки ижара ҳуқуқлари асосида, якка тартибда уй-жой қуриш учун мулк ҳуқуқи асосида реализация қилиш «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.
Бунда бўш турган ер участкасига доир маълумотларни шакллантириш ва келишиш «Yerelektron» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади («Yerelektron» автоматлаштирилган ахборот тизими—ер участкаларини реализация қилиш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ахборот тизимига киритилган ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини амалга оширишни таъминлайдиган автоматлаштирилган ахборот тизими).
Ушбу қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент ишлаб чиқилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатилади. Ер участкаларини хусусийлаштириш учун ариза берувчилар ер участкаси жойлашган тегишли ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига ўзлари келган ҳолда мурожаат қиладилар ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтадилар. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилганда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилганда эса — ариза берувчининг ўзи мустақил равишда ариза тўлдиради.
Ариза тўлдириш жараёнида:
ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги Кадастр агентлигининг «Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими» орқали;
хусусийлаштириш объектлари ва субъектлари «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10, 12 ва 13-моддалари талабларига мослиги «Yerхususiylasнtirish» ААТга уланган ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали автоматик равишда текширилади.
Агар хусусийлаштириладиган ер участкаси улушли ёки биргаликдаги эгалик қилишда (фойдаланишда) бўлса, ариза барча эгаларнинг (фойдаланувчиларнинг) фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган келишувига биноан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса — суд томонидан белгиланган тартибда ушбу Регламент талаблари асосида берилади.
Хусусийлаштирилаётган ер участкасида бошқа шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бино ва иншоотлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг мазкур ер участкасига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи мавжудлиги текширилади.
Ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги аризага қуйидагиларнинг сканер қилинган нусхаси илова қилиниши керак:
белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома (ариза берувчининг вакили мурожаат қилган ҳолларда);
юридик шахснинг тегишли бошқарув органининг ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори (ариза берувчи — юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ зарур бўлса).
Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери берилгунига қадар уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда унинг аризаси кўриб чиқилмайди ёки давлат хизматини кўрсатиш тўхатилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатиш учун қабул қилинган ариза кўриб чиқилганлиги учун тўланган йиғим қайтарилмайди. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб реал вақт режимида уни «Yerхususiylasнtirish» ААТ орқали туман (шаҳар) қурилиш бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиалига келишиш учун юборади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда ариза автоматик равишда «Yerхususiylasнtirish» ААТ орқали туман (шаҳар) қурилиш бўлими ва Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиалига юборилади. Туман (шаҳар) қурилиш бўлими уч иш куни ичида аризада кўрсатилган ер участкаси жойлашган ҳудуднинг (аҳоли пункти ёки улар орасидаги ҳудудни) ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги ҳамда уларни қуриш ҳақидаги тасдиқланган ҳужжатларга ер участкаси жойлашувининг мувофиқлигини кўриб чиқади.
Аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларида, аҳоли пункти қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларида, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва қуришга доир бошқа ҳужжатларда ер участкаларини хусусийлаштиришга бевосита монелик қиладиган маълумотларнинг мавжудлиги туман (шаҳар) қурилиш бўлими томонидан ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш учун асос ҳисобланади.
«Yerхususiylasнtirish» ААТ аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ариза келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган хабарномани шакллантиради ва уни ЯИДХП ёки Давлат хизматлари маркази орқали ариза берувчига юборади.
Шунингдек, ушбу қарор асосида якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу низом якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон-онлайн аукцион орқали реализация қилиш тартибини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади. Якка тартибдаги уй-жой қуриш учун бир лотда 0,04 гектаргача доирада ер участкаларини реализация қилиш «E-auksion» ягона аукцион электрон савдо платформасида амалга оширилади. «E-auksion» электрон савдо платформаси— электрон онлайн-аукцион ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, истаги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг бундай аукцион жараёнига кириш ва уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизимидир.
Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктлари қисмларининг батафсил режаси лойиҳаси-БРЛ) билан таъминланган аҳоли пунктлари бўйича аукционга қўйилади. Аҳоли пункти бош режасида якка тартибда уй-жой қуриш назарда тутилган аҳоли пункти қисмларининг БРЛ бўлмаган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тегишли уй-жой массивлари учун БРЛ ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши таъминланади.
Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишда ер участкаларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш шартлари назарда тутилиши керак. Уй-жой массивларини муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат уй-жой дастурлари асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ер участкасини аукционга чиқаришда буюртмачи ҳисобланади.
Аукцион натижалари бўйича пул маблағлари операторнинг махсус ҳисобварағида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан ер участкаси қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг буюртмачи ҳисобварағига белгиланган тартибда оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда ўтказиб берилади.
Ушбу муҳим ҳужжат ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоя қилинишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.
Анваржон Турсуналиев
Андижон вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи