Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Интелектуал мулк хуқуқини ҳимоя қилиш – замон талаби

«Ихтирочи ўз ақлини ишга солган ҳолда яратган кашфиёти нечоғли йирик муваффақият қозонишини кўрган пайтда юзага келган ҳис-туйғуга тенг келадиган бирон бир бошқа кучлироқ ҳаяжон бўлмаса керак.»

Никола Тесла

Миллий ва халқаро тажрибадан маълумки, иқтисодиёт ва жамиятнинг тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича яхши ривожланган ва изчил йўлга қўйилган тизимга боғлиқ. Зеро, иқтисодиётдаги самарадорлик ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар ва ихтироларнинг жорий этилиши эвазига ошади. Шу боис, бугунги кунда интеллектуал мулк ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг муҳим қисмига айланган. Интеллектуал мулкнинг тараққий этиши ўз навбатида, иктисодиётга сармоялар киритилишига, инновацион технологияларнинг жорий этилиши эса халқ хўжалигининг модернизациялашувига ҳисса қўшади.

Интелектуал мулк объектларининг жамият ва давлт тараққиётида тутган ўрни муҳимлигини инобатга олиб, мазкур сохада амалдаги қонун ҳужжатларида интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар ҳимоясига доир нормаларни мустахкамлаш, шунингдек мазкур ҳуқуқларни муҳофаза қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини халқаро амалиёт ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан холда янада такомиллаштириш долзарб ахамият касб этади.

Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш жуда муҳим. Дунёда товарларнинг бренд қиймати юқори ҳисобланади. Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда 7 фоизни ташкил этади.

«Афсуски, мамлакатимиз бу борада дунё бозоридан узоқлашиб кетди. На тегишли идоралар ва на ҳудуд раҳбарлари интеллектуал мулк масаласига эътибор берди. Шу сабабли ихтирочи олим ва ижодкорларимиз хорижга чиқиб кетди. Илмий институтларимиз инновациялар, тармоқлар эса харидоргир ишланма ва брендлар ярата олгани йўқ. Бўлган тақдирда ҳам аксарият ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари бўйича мурожаатлар илмий ишни тезроқ рўйхатдан ўтказиб олиш мақсадида қилинмоқда. Бу борадаги талаблар ҳам эскириб қолган»

Ш.Мирзиёев

Шу жиҳатдан бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулкни ривожлантириш ва уни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 28 январдаги «Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айни соҳани янада ривожлантиришга қаратилгандир. Ушбу қарорга кўра мамалакатимизда 1 апрелдан бошлаб:

  • интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларидан келиб чиқиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинади;
  • тезкор экспертиза тартиби жорий этилади. Бунда, интеллектуал мулк объектини муҳофазага олиш учун топшириладиган талабнома бўйича дастлабки қидирув томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилади.
  • 2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номларини рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади;
  • 2021 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради.

Президентимиз қарорида белгиланган ушбу вазифалар ижроси бўйича Интелектуал мулк агентлигига соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор мухим вазифаларни юклади. Ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ҳамда интеллектуал мулкнинг бошқа объектларини ҳимоя қилиш, улар бўйича ҳуқуқ эгаларини ҳимоя қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар ҳамда ихтиролар, илмий-техник, саноат ишланмаларини, селекция ютуқларини, бадиий-конструкторлик ва бошқа турдаги ижодий ишларнинг кенг жорий этилишига кўмаклашиш, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини экспертиза қилиш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масаласида ягона позицияни ишлаб чиқиш ва бу соҳада халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилиш, аниқ мақсадли тайёргарлик кўриш ҳамда тегишли халқаро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятида иштирок этишни таъминлаш каби асосий вазифалар юклатилди. Бундан ташқари, бозор иқтисодиёти шароитида инновацион технологиялар ҳамда ихтироларни, илмий-конструкторлик ҳамда ижодий ишларнинг бошқа турларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулк соҳасида кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш, интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар ҳам ушбу агентликнинг асосий вазифалари сирасига киради. Зеро бу сохани ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш демакдир. Интеллектуал мулк агентлиги халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш асносида илмий-техник ютуқларни инновацион тадбиркорликка жорий этиш учун яхши шарт-шароит яратади. Бунда интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш мақсадида ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва амалга ошириш муҳим ўрин тутади. Белгиланган вазифаларнинг бажарилиши шубҳасиз, иқтисодиётимиз самарадорлигини кўтаришга кўмаклашади, бозор муносабатларини янада ривожлантириш ва мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда, халқимиз фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

М.Жалолдинов

Андижон вилояти

Интелектуал мулк химояси маркази рахбари

Улашинг: