Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ҲАМДА МАҲАЛЛА ВА НУРОНИЙЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР ИСЛОҲОТЛАР

 

Жорий йилнинг 01 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-81-сон  Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармондан кўзланган мақсад нималардан иборат?

Мазкур фармондан кўзланган мақсад, оила, хотин-қизлар ва кекса авлод вакиллари билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлашдан иборат.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг асосий вазифалари нималардан иборат?

Қўмитанинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

— хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб қилиш;

— оила ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;

— хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш;

— хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;

— хотин-қизлар йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига ёрдам кўрсатишдан иборат.

Бундан ташқари Фармонга биноан, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига бир нафардан хотин-қизлар фаоли лавозими маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда жорий этилган.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси қандай органи ҳисобланади?

Мазкур қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

— оила ва хотин-қизлар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Қўмита билан келишилади;

— Қўмита томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади;

— Қўмита хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади;

— маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ўз фаолиятида Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларига бўйсунади ҳамда улар олдида ҳисобдор бўлади.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари нималардан иборат?

Вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:

— маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

— маҳаллаларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;

— нуроний ва кексаларни маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик сингари анъаналарни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга кенг жалб этиш;

— нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижроси, шу жумладан ҳудудларда, айниқса, олис қишлоқларда кекса авлод вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилишини мувофиқлаштириб бориш;

— ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўриш;

— маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат.

Ш.Рўзиев,

Олтинкўл тумани Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи

 

 

Улашинг: