Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Субсидия олиш тартиби

Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия олиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 10-бандига асосан, ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП)да давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради ва қуйидаги ҳужжатларни электрон тарзда илова қилади ёки маълумотларни тақдим этади:

а) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;

б) оила аъзоларининг (жисмоний шахснинг) шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар бор бўлган тақдирда) нусхалари;

в) белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

г) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);

д) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);

е) ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Бунда субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади.

Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари бериши мумкин.

Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар ариза берувчиларга тўловларсиз амалга оширилади.

 

С.Матмусаев

“Мадад”Андижон шаҳар

ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси

Улашинг: