Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”лиги кўрсатилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш давлат органларининг, шу жумладан судларнинг ҳам бевосита муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг жадал амалга оширилиши амалдаги қонун ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш вазифасини юзага келтирмоқда. Шу боис қонунчилик ижодкорлиги бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир.
Республикамизда 2014 йил 3 декабрь куни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2017 йил 11 сентябрь куни ушбу Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ЎРҚ-445 сонли Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрири тасдиқланди.
Шу кунга қадар фуқароларнинг мурожаатлари 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу Қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган, шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаган эди.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва юридик шахсларнинг тегишли давлат органлари ва мансабдор шахсларга йўлланган мурожаатларини қонуний, адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу қонуннинг мақсади – фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштиришдан, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.
Қонуннинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланиб, мурожаатларни киритиш имкониятининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ушбу Қонуннинг муҳим жиҳатидир. Умуман олганда, ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари мавжуд. Ушбу Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.
Шунингдек, ушбу Қонуннинг амал қилиши инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ҳамда ҳуқуқий тарбиясини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида хизмат қилади.
А.Шералиев,
Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси