САВОЛ: Шахс бир вақтда ҳам ходим, ҳам ўзини-ўзи банд қилувчи сифатида фаолият юритиши мумкинми?
ЖАВОБ: Йўқ, Бу мумкин эмас. “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддаси 4-қисмида шундай дейилган: ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга, шунингдек иш берувчига эга бўлишга ҳақли эмас. Ушбу талабларга риоя этилмаган тақдирда, ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахслар мақомини йўқотади. Яъни, агар ўзини-ўзи банд қилиш тартибида ишлаётган шахс, бошқа бир корхона ва ташкилотга, яъни иш берувчига ёлланиб ходим сифатида фаолият юритишни бошладими, тамом. Унинг ўзини-ўзи банд қилиш сифатидаги мақоми бекор бўлади. Бундай ҳолларда, шахс ўзини-ўзи банд қилиш тартибида фаолият юрита олмайди, табиийки, даромад солиғи бўйича солиқ имтиёзига даъво қила олмайди. Фуқаролар фақат битта фаолият билан шуғулланиши мумкин: ёки ходим сифатида, ёҳуд ўзини-ўзи банд қилиш тартибида.
САВОЛ: 3 ТА БОЛА УЧУН ҚАНЧА АЛИМЕНТ УНДИРИЛАДИ?
ЖАВОБ: Алимент миқдори аслида иккита йўл билан белгиланади:
биринчиси, ихтиёрий, яъни ота-она ўртасидаги нотариал тасдиқланган келишув йўли билан, иккинчиси, мажбурий, яъни суд буйруғи ёки суд қарори билан. Келишув йўли билан белгиланганда, алимент суммаси тарафлар (ота ва она) ўртасида, ўзаро келишилган сумма доирасида белгиланади. Лекин бу сумма суд тартибида белгилангандаги алимент миқдорларидан кам бўлмаслиги керак.
Оила кодексининг 99-моддасида суд тартибида белгиланганда, алимент қанча миқдорда ундирилиши ҳақида аниқ айтиб ўтилган. Бунга кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
1 бола учун — тўртдан бир қисми;
2 бола учун — учдан бир қисми;
3 ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Хар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори (822.000) сўмнинг 26,5 фоизи (217.830 сўм)дан кам бўлмаслиги керак.
Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс ҳеч қаерда ишламасачи, деган савол туғилади. Агар алимент тўловчи шахс бу даврда бирор жойда ишламаётган бўлса, алимент ўша вақтдаги Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
САВОЛ:Ходимга меҳнат таътли бериб, ундан кейин меҳнат шартномаси бекор қилинганида, ишдан бўшаш куни қайси кун бўлади?
ЖАВОБ: Меҳнат кодексининг 152-моддаси 1-қисмида шундай қоида кўрсатилган: Жамоа шартномасида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси бекор қилинганда (шу жумладан унинг муддати тугаши муносабати билан ҳам) ходимнинг хоҳишига кўра, йиллик асосий ва қўшимча таътилларни бериб, ундан кейин меҳнат муносабатларини бекор қилиш ҳоллари назарда тутилиши мумкин. Бу ҳолда таътил тугаган кун меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.
САВОЛ:Биз давлат корхонасимиз, бир суд иши юзасидан малакали адвокат хизматидан фойдаланмоқчимиз. Бу шартномани тузиш биржа орқали бўладими ёки танлаб олинадими?
ЖАВОБ: Амалдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасида суд муҳокамасида иштирок этиш учун адвокат (вакил) тайинлаш билан боғлиқ бўлган давлат харидлари тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширилиши мумкинлиги айтилган. Бу масала, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сонли қарорида ҳам кўрсатиб ўтилган. Давлат ташкилотлари суд жараёнларида иштирок этиши учун адвокат ёлламоқчи бўлса, тўғридан-тўғри шартнома тузиб, ишлашлари мумкин.
САВОЛ: ЎҚУВЧИСИ ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИГА КИРГАН ЎҚИТУВЧИГА МУКОФОТ ПУЛИ БЕРИЛАДИМИ?
ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 32-бандига кўра Президент мактабларига танлов асосида қабул қилинган ҳар бир ўқувчи учун тегишли умумтаълим муассасасининг мос (танлов, мусобақа, имтиҳон фанлари) фан ўқитувчиси Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий тариф ставкасининг 2 баравари миқдорида бир йўла мукофот пули тўлаш йўли билан рағбатлантирилиши мумкин.
САВОЛ: Ободонлаштиришда 10 йил ишлаб, пенсияга кетадиган ходимларга қўшимча нафақа тўланадими?
ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 1 апрелдаги 91-сонли қарори билан “Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 20-бандида бошқармада камида 10 йил ишлаган ходимларга пенсияга чиқиш муносабати билан улар билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилганда бошқармада ишланган ҳар бир йил учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 35,2 фоизи миқдорида, бироқ ходимнинг 5 тариф ставкаси (лавозим маоши)дан ортиқ бўлмаган миқдорда бир йўла нафақа тўланади. Бу нафақа ходимнинг ободонлаштириш бошқармасида ишлаган ҳар бир йили учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 35,2 фоизи миқдорида, лекин ўша ходимни лавозим маошининг 5 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.
Б.В. Уринбаев, Жалақудуқ тумани Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти.