Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг ҳуқуқий оқибатлари

Барчамизга маълумки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йилнинг 20 апрель куни “Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини этироф этиш бўйича бир марталик умудавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5421 сонли фармони қабул қилинди.

Президентимизнинг мазкур акциясига асосан республикамизда минглаб ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ноқонуний равишда қурилган уй-жойларга нисбатан фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари эътироф этилди. Қонунчиликда уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан бугунги кунда ҳам фуқаролар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб ноқонуний равишда уй-жой ва бошқа бинолар қуриб олиш холатлари учрамоқда.

Шу ўринда савол туғилади: Ер учаскаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний қурилган иморатларнинг тақдири ва бундай қонун бузилиш холатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан қонун хужжатларда қандай жавобгарлик белгилаб қўйилган?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасининг 2-қисмида

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эса — эллик баравари миқдорида жарима солинишига;

ушбу модданинг 3-қисмида

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга эса — уч юз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;

ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Бундан кўриниб турибдики, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахс ер участкасини қайтарилишини таъминласа, ўзбошимчалик билан эгаллаб олишни бартараф этса албатта жавобгарликдан озод этилади.

Бундан ташқари миллий қонунчилигимизда уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши беглилаб қўйилган.

Демак ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига иморат қурган фуқаро бу иморатга нисбатан ҳеч қачон мулк ҳуқуқини ололмайди. Бундай иморат ҳуқуқи бузилган шахснинг ва тегишли давлат органининг даъвоси билан суд қарорига асосан иморат қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан мажбурий тартибда буздириб ташланади.

Хулоса қилиб айтганда ер умумиллий бойликдир, халқимизнинг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ердан оқилона фойдаланишимиз ва асрашимиз зарур. Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлик учун жавобгарлик муқаррар эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

А.Каримов,

 Олтинкўл тумани юридик хизмат

 кўрсатиш маркази бош юристконсульти                               

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг: