Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ФИРИБГАРЛИГИ ЎТМАЙ ҚОЛДИ

Инсон ва қонун
К.И. Избоскан туман электр таъминоти корхонасида ишлар экан, олаётган маошига сира қаноат қиломай қолди. Қандай қилиб меҳнат қилмай мўмай даромад олиш мумкин? Куну тун фикри ёдини шу хаёл банд қиларди.
Ана шундай кунларнинг бирида туман маҳаллаларининг бирида истиқомат қилаётган Ю. А. Унга янги замонавий электр ҳисоблагич қўйиб беришни илтимос қилди. Чунки барча қўни-қўшнилари янги ҳисоблагич қўйдиришганини ва унинг жуда қулайлигини айтганлари бу ишни қилишга ундади.
Бу илтимос эса К.И.га мойдай ёқиб тушди. Гўёки у ўзининг пул топишдек орзусига эришаётгандек эди. Бунинг устига Ю.А. жудаям содда йигит бўлиб кўринди. Ҳар қанча ёлғон гапириб пулини шилиш мумкидек туюлди. Унинг хонадонига бориб эски ҳисоблагичини шогирди билан кўздан кечирар экан аслида мавжуд бўлмаган 12 000 000 қарз бўлиб қолганлигини айтди. Агар бу ишни ҳужжатлаштириб, идорасига олиб борса анча пулга тушишини, аммо янги ҳисоблагич қўйиш жараёнида буни йўқотишнинг имкони борлигини ҳам шипшитиб ўтди. Албатта бекорга эмас.
Афсуски Ю.А. жудаям содда эмас экан. Бир неча кун аввал қанча электр энергияси истеъмол қилгани-ю, қанча қарз-ҳаққи борлигини жуда яхши ҳисоблаб олган эди. Буни айтган эди, лекин барибир К.И. фикридан қайтмади. 2 000 000 сўм пул берса ҳаммаси рисолагидек бўлишини уқтиришдан чарчамади.
Кейинги кун Ю.А.га телефон қилганида у пулни тайёрлаб қўйганини, янги ҳисоблагични олиб келиб қўйиб беришини сўради. У бу кунгача фирибгарнинг нотўғри қилмишига тегиш қонуний чора кўришликни сўраб тегишли идораларга мурожаат қилганди.
К.И. Ю.А.нинг хонадонига бориб, ундан алдаш йўли билан 2 000 000 сўм пулни олаётганида ашёвий далил билан жиоят устида қўлга олинди.

Судланувчи К.И. суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, электро монтёр вазифасида ишлаганини, сўнг АСКУЭ муҳандиси вазифасида ишлаб келишини, келишилган 2.000.000 сўм пулларни олганини, шу вақтда ҳуқуқни мухофаза қилувчи ходимлар томонидан ушланганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини маълум қилиб, суддан қонуний енгиллик берилишини сўради.
Суд, судланувчининг мазкур жиноятни содир этганликдаги айби, унинг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатмаси,а ишда тўпланган ва судда аниқланган бошқа далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топди деб ҳисоблайди.
Суд судланувчини электр энергияси учун тўловларни ундириш билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Бир сўз билан айтганда фирибгарнинг фирибгарлиги ўтмади. У қилмишига яраша жазосини олди. Ўйлаймизки бу унга ва бошқа фирибгарлик билан пул топмоқчи бўлганларга сабоқ бўлади.
Н. ЗАЙНАБИДИНОВ,
Андижон вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

Улашинг: