Кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати мамлакатимиз тараққиётидаги энг долзарб масалалардан бўлиб ҳисобланади. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралда қабул қилинган ПФ 4947-сонли Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида, 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.
Давлат сиёсатини амалга оширишда фуқароларнинг давлат пенсия таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўз ўрнида савол туғилади, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳуқуқий жиҳатдан қандай тартибга солинган?
Бу борада таъкидлаш жоизки, ушбу масала мамлакатимизнинг асосий қонуни, Конституция даражасида мустаҳкамланган. Конституциянинг 39-моддасига мувофиқ, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Бундан ташқари ушбу соҳани тартибга солиш учун 1993 йил 3 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-ХII-сонли қонуни қабул қилинган.
Қонун 9-боб 67-моддадан иборат бўлиб, унда пенсия таъминотига оид умумий қоидалар, ёшга доир пенсиялар, ногиронлик пенсиялари, боқувчисини йўқотганлик пенсиялари, ушбу пенсияларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ва талаб этиладиган иш стажи ва пенсия тайинлаш учун зарур бўлган бошқа асосий шартлар, пенсияларни ва иш ҳақларини ҳисоблаб чиқиш тартиби, иш стажини ҳисоблаб чиқариш, пенсияларни тайинлаш, қайта ҳисоблаш ва тўлашга оид муҳим қоидалар белгилаб қўйилган.
Кўпинча фуқаролар давлат пенсияси ва бошқа қонунчиликка ва асосларга кўра тўланадиган ижтимоий ёрдам ва нафақаларни адаштириб юборадилар. Аммо, қонунда давлат пенсияларининг фақат учта тури назарда тутилган. Булар ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясидир.
Қонуннинг 7-моддасига кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Бу билан шу ёшга етмаган ёки етарли иш стажига эга бўлмаган, аммо ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз шахслар пенсия оломайди деган фикрга келиш нотўғри. Чунки қонун бундай ҳолатларда пенсия тайинлашнинг алоҳида шартларини ҳам назарда тутади.
Қонунга мувофиқ, иш стажи тўлиқ бўлмаган шахсларга 7 йил иш стажи бўлганда ҳам давлат пенсияси тайинланиши мумкин. Бунинг учун фуқаро Қонуннинг 37-моддасида назарда тутилган айрим меҳнат фаолияти турлари бўйича камида етти йил иш стажига эга бўлиши керак.
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, башарти меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўлаган давр, ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш, идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат, якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият энг кам иш стажини ҳисоблашда ҳисобга олинадиган меҳнат фаолияти турлари бўлиб ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда биринчи рўйхат бўйича назарда тутилган меҳнат фаолиятлари ёшидан қатъий назар, иккичи рўйхат бўйича қонунда белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирган ҳолда, 3-сонли рўйхат бўйича, белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини беради.
Масалан, нефт, газ, газ конденсати, кўмирни қайта ишлар соҳаси слесар таъмирловчилари 2-сонли рўйхатга мувофиқ, қонунда белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда, яъни эркаклар 55 ёшдан, аёллар 50 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонунчиликда лилипутлар ва паканалар учун пенсия ёши 15 йилга, иш стажи 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган бўлиб, бу уларнинг соғлигининг ҳолати, яъни гипофизар миттилик (лилипут), гавда тузилишида мутаносиблик бузилганлиги(паканалик) билан бевосита боғлиқ ва уларнинг соғлигини ҳисобга олган ҳолда имтиёзлар белгиланган. Бунинг учун бундай касалликка чалинган эркаклардан 20 йил, аёллардан 15 йил иш стажига эга бўлиш талаб этилади.
Бундан ташқари, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар ҳам, хусусан эркаклар 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонунга мувофиқ, ногиронлик пенсиялари қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга, шунингдек Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга тайинланади.
Кўришимиз мумкинки, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган барча шахслар ногиронлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга. Пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган учинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар доирасида эса уларнинг соғлигининг ҳолати ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, Чернобль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар билан чекланган.
Қонуннинг 16-моддасида белгиланишича, соғлиғини ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб, ногиронликнинг уч гуруҳи аниқланади.
Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек ногиронлик бошланган вақт ва ногиронликнинг қанча муддатга белгиланиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган улар тўғрисидаги Низом асосида ишловчи тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан аниқланади.
Эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим ҳолатлардан бири шуки, Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар, тайинланади.
Умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиялари эса ногиронлик бошланган пайтга қадар ушбу моддада аниқ кўрсатилган иш стажига эга бўлган тақдирда тайинланади, масалан 23 ёшга қадар бўлган даврда ногиронлик бошланган шахсларга пенсия тайинлаш учун икки йил иш стажи талаб этилади ва ҳ.к.
Соғлом одамлардан фарқли равишда пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси камида 7 йил иш стажи бўлиши талаб этилмаган ҳолда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.
Қонунчиликда оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари аиқ санаб ўтилган. Улар қуйидагилардир:
а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса, агар улар 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Бунда башарти, агар ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;
б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар 7-моддада назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;
в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;
г) бува ва буви — агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.
Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.
Қонунчиликда вояга етмаган болаларнинг моддий таъминланишига оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган, улар фарзандликка олинган тақдирда ҳам пенсия олиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.
Ўгай ўғил ва қизга нисбатан бундай ҳуқуқ агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, татбиқ этилади.
Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Қонунда пенсиянинг таянч миқдорлари ҳам белгиланган бўлиб, ушбу миқдор пенсия олиш ҳуқуқини берувчи шарт-шароитлар юзага келганда тайинланиши мумкин бўлган пенсиянинг энг кам миқдорини назарда тутади.
Жумладан ушбу миқдор ёшга доир пенсия учун — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида;
I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси учун — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида;
г) оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 50 фоизи миқдорида;
д) ота-онасидан жудо бўлган (чин етим) болаларга ёки вафот этган ёлғиз онанинг болаларига, ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, лекин ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида белгиланган.
Қонуннинг 27-моддасига кўра, пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсияларнинг таянч миқдорлари (26-модда) қуйидагича оширилади:
а) ёшга доир пенсиялар — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун (31 ва 33-моддалар) олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида;
б) I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида;
г) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари оиланинг меҳнатга қобилиятсиз ҳар бир аъзоси учун — боқувчининг ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизи миқдорида оширилади.
Отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ошириш ота ва она иш ҳақларининг умумий миқдоридан келиб чиқиб, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробари миқдори доирасида амалга оширилади.
Қонунчиликдаги бу каби қоидалар ўтган даврлар мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида бир мунча мукаммаллаштирилган. Умуман олганда кейинги йилларда давлат пенсия таъминоти соҳасида бир қатор ижобий ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан барча ишловчи пенсионерларга 100 фоиз жамғарма орқали тўланиши жорий этилди, ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун имконият яратилди, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши белгиланди, фуқаронинг иш стажини тасдиқлаш соддалаштирилди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан кейинги давр учун жисмоний шахс томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ишламайдиган эри(хотини) учун ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилди.
Шу санадан бошлаб, пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланиши белгиланди. Бунга қадар ушбу ҳолатларда фуқаролар аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича судларга ҳамда маъмурий судларга мурожаат қилиб, ортиқча вақт ва куч сарфлашга мажбур бўлганлар.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, эндиликда текшириш ўтказилаётган санадан аввалги уч йил ва ундан ортиқ даврда тайинланган ва (ёки) қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга биноан қайта ҳисобланган пенсияларнинг текширилиши ҳамда улар бўйича тўланган ортиқча суммаларни ундириш ҳам бекор қилинди.
Бу каби ислоҳотлар мамлакатимизнинг кучли давлатдан кучли давлатга ўтишга қаратилган сиёсатининг самарали амалга оширилишига кўмак беради.
З. ТЎХТАСИНОВ,
Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси