Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ХОДИМНИ ИШДАН ЧЕТЛАШТИРИШ

 

Мамлакатимизда ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш ҳуқуқига эга бўлиб иш берувчилар томонидан ходимларни асоссиз равишда ишдан четлаштиришга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 113-моддасида ходимни ишдан четлаштириш асослари белгилаб қўйилган бўлиб бунга кўра алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходим шу куни (сменада) ишга қўйилмайди.

Алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келган ходимни ишдан четлашлаштириш – жуда катта аҳамиятга эга. Алкаголли ичимликдан, гиёхванд ёки токсик модда таъсирида маст бўлган ходимнинг иш жойида бўлиши оқибатида юз бериши мумкин бўлган нохуш вазиятлар яъни ишлаб чиқаришда шикастланиш, маст ҳолдаги ходимни автомобиль ёки бошқа транспорт воситаларини бошқаришга қўйиш оқибатида ходимнинг ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг турли даражада шикастланиш ёки ҳалок бўлиши каби нохуш ҳолатларини олдини олишга имкон беради. Бундай вазиятлар юз берганда, ходимни ишдан четлаштирмаган ташкилотнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин.

Шунингдек 113-моддаси талабига кўра ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки ўтказилган текширишлар натижалари бўйича тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажармаган тақдирда иш берувчи ходимни ишга қўймасликка ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 214-моддасида иш берувчи меҳнат шартномасини тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт эканлиги ва тиббий кўриклардан ўтиш жараёнида ходимларнинг чиқимдор бўлмаслиги, шунингдек зарарли омиллар билан мулоқотда бўладиган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Ўз навбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2012 йил 10 июлда “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 200-сонли (Адлия вазирлигидан 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатдан ўтган) буйруғи қабул қилинган бўлиб, мазкур Низомга кўра юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқиши ҳамда тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликларини олдини олиш мақсадида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган озиқ-овқат саноатида, савдо ва умумий овқатланиш ҳамда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, умумтаълим, мактабгача тарбия, даволаш-профилактика ва бошқа муассаса ходимлари рўйхати тасдиқланиб, иш берувчи томонидан ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикамиз Президенти 2021 йил 2 август куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган.

Ушбу қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи эмлашдан ўтишни рад этган ходимни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилган.

Хулоса қилиб айтганда ишдан четлаштириш содир этилган ғайриқонуний хатти-харакат учун юз бериши эхтимоли бўлган кўнгилсиз оқибатларнинг олдини олиш мақсадида қўлланиладиган мажбурлов чорасидир.

А. Каримов,

 Олтинкўл тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти                                

 

 

Улашинг: