БИЛМАЙИН БОСДИМ ТИКОННИ… Билмайин босдим тиконни, тортадурман жабрини деб хўп топиб айтилган сўзларнинг асл маъносини чақмаган эканман, аттанг, аттанг! Лекин минг пушаймон қилганим билан қилган қилмишларим тўғриланиб қолмайди. Ўтган кунларим ортга қайтмайди. Гапнинг ўғилболасини айтганда тиконни бир эмас беш мартача босдимов. Лекин ақл кирмаса қийин эканда. Ақлим бўлса Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2004 йил 16 апрелдаги хукмига кўра, ЖКнинг 169-моддаси 2-қисмининг «и,г» бандлари билан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жарима жазоси билан қинғир ишларимни бас қилармидим? Тўғри йўлга юриш учун берилган имкониятни қанчалик ҳавога совурганимни жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2005 йил 05 августдаги ҳукмига кўра, ЖК 25,169-моддаси 4-қисми “а” банди, 248-моддаси 3-қисми, 25,169-моддаси 4-қисми “а” банди, 246-моддаси 1-қисми, 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан ЖКнинг 59-моддаси тартибида 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 2005 йил 11 октябрдаги апелляция инстанциясининг ажримига асосан ЖК 25,169-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари, 248-моддаси 1-қисмига қайта малакаланиб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан кейин тушуниб етдим. Жазони ўташ жойида қилмишларимдан пушаймон бўлиб, озодликка чиқсам ҳалол меҳнат қиламан деб ўзимга ўзим ичган қасамларим бир зумда ёдимдан кўтарилиб кетди. Кейинги йилларда ҳам бир қатор жинят ишлари бўйича туман судининг қора курсисида ўтириб, афсус ва надоматлар билан жазоланишимни, неча йиллар панжара ортида ёшлигимнинг энг дуркун йилларини ўтказишим хукмини кутдим. Афсуски ана шу йиллар давомида менга ишонилиб, тўғри йўлдан юр ишимга берилган имкониятларни ҳам йўққа чиқардим. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидай қора ишларимдан воз кечолмадим, ишончни оқлай олмадим. Менга ишонч билдирганларни ҳам ноқулай аҳволга солдим. Бир неча бор судланган бўлсамда, панжара ортида ёшлик йилларим ўтган бўлсада сабоқ чиқармаган эканман. Ўтган йилнинг ноябрь ойи кунларидан бирида Б.Р. бошқарувидаги “Cobalt” русумли транспортда турмуш ўртоғим билан фарзандимни шифокорларга кўрсатиб келиш баҳонаси билан йўловчи сифатида орқа ўриндиққа ўтириб, Тошкент шаҳрига кетдим. Соат тунги 01 лар чамасида, Бектемир туманидаги “Рохат” ЙПХ масканида Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими, ДХХ ва ИИО ходимлари томонидан машинатўхтатилиб текширилди. Шу вақт менда “Aygen” ёзувли полимер пакет ичида қора полимерга ўралган тўқ жигар рангли ўткир ҳидли 74,2 грни ташкил қилувчи “гашиш” гиёҳвандлик моддаси бор эди. Қўрқиб кетиб моддани дарҳол ўғлимнинг чўнтагига солиб қўйдим. Лекин текширувчилар анойи эмас эканлар. Ўғлим чўнтагидан моддани топ иб олишди ва мен бу модда меники эканлигини айтдим. Судга оид кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, “Aygen” ёзувли кўк рангли полимер пакет ичидаги қора рангли полимер ўрамдаги, модда нам (ҳўл ширали), юмшоқ чўзинчоқ кўринишдаги прессланган ҳолатдаги модда таркибида фаол гиёхванд модда-тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган модда “гашиш” деб аталиши ва соф вазни 74,2 граммга тенглиги аниқланди. Мен дастлабки тергов давомида турли гапларни айтиб, чалғитишга ҳаракат қилганим фойда бермади. Содир этган жиноятим айбимга тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувим, гувоҳлар суддаги кўрсатувлари, тезкор тадбир ўтказиш, транспорт воситасини кўздан кечириш ва тадбир ўтказиш ҳақида баённомаси, ашёвий далилни олиш ва кўздан кечириш баённомаси, кимёвий экспертизаси хулосаси, наркология экспертизаси хулосаси, тушунтириш хатлари ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар билан ҳам тўлиқ ўз тасдиғини топди. Менга 2022 йил март ойининг 14 куни, Тошкент вилоят суди, жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг ўз биносида, очиқ суд мажлисида Т.Мирзаев раислигида, Ҳалқ маслаҳатчилари: Н.Дуйсекулова ва А.Тулегеновлардан иборат ҳайъатда, судья ёрдамчиси С.Зокировнинг котиблигида, давлат айбловчиси Юқоричирчиқ туман прокурорининг ёрдамчиси Б.Каримбердиев, ҳимоячим — адвокат А.Эралиевнинг иштирокидаги суд хукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 60-моддаси тартибида, ҳукмлар мажмуи тариқасида, жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2018 йил 2 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ тайинланиб, ўталмаган 1 йил 3 ой 7 кун озодликни чеклаш жазосини, ушбу ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди. Эсиз, яна умримнинг олти йили панжара ортида ўтадиган бўлди. Мен энди ана шу жазодан тегишли хулоса чиқараман. Жазони ўтаб чиққач, қолган умримни фақат ҳалол меҳнат қилишга сарфлайман. Менга ўхшаб йўлдан адашаётганларга «Вақтида йўлингизни топиб олинг. Жиноят кўчасига кирманг» дейман. Маҳкумнинг пушаймонли сўзларининг Мирза АҲМАД оққа кўчирди.
Жиноят ва жазо
Ўхшаш хабарлар Huquq саҳифасидаги мақолалар »