Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ ЛОЙИҲАСИ

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

1-модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 4-модда; 1994 йил, № 1, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 3–4, 27-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 162-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 100-модда, № 12/1, 343-модда; 2014 йил, № 4, 85-модда; 2017 йил, № 4, 134-модда, № 5, 201-модда, № 8, 383-модда; 2018 йил, № 10, 674-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 3, 162-модда, № 9, 588-модда; 2021 йил, № 2, 139, 140-моддалар) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

  • Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Муқаддима

Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон ҳуқуқларига ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига ўз содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб,

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари устуворлигини эътироф этиб, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда, очиқ, адолатли ва баркамол фуқаролик жамиятига интилиб, ўзбек давлатчилигининг уч минг йилликдан зиёд тарихий тараққиёт тажрибасига, шунингдек жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг маданий меросига таяниб, демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби қадриятларга ўз содиқлигимизни тасдиқлаб, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини, ёшларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, шу мақсадда таълим, илм-фан, маданият ва маънавият тараққиётини таъминлашга интилиб,

бизгача етиб келган табиий, маданий, моддий ва маънавий қимматликларни ҳамда бойликларни кўпайтиришга ва муҳофаза қилишга, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил бел боғлаб,

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти ва энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик ва ҳурмат қилиш, тинчлик ва тотувлик асосидаги уйғун, дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда ривожлантиришга интилиб, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни ҳамда бағрикенгликни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қиламиз ва эълон қиламиз»;

  • 1-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1-модда. Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади»;

  • 13 ва 14-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«13-модда. Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади, қонунларнинг маъносини, мазмунини ва қўлланилишини, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини белгилайди.

Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.

Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

14-модда. Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланишини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади»;

  • 15-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади»;

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;

  • 16-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг

ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принципларга ва қоидаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас»;

  • 17-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсатини олиб боради»;

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;

  • 18-модда:

қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига биноан ҳамда мазкур Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.

Инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмасдир ва улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади»;

биринчи ва иккинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

  • 20-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«20-модда. Фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.

Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкин»;

  • 22-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«22-модда. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас.

Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади»;

  • 24, 25 ва 26-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.

25-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Ушлаб туришга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суд қарор қабул қилмагунича қирқ саккиз соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак.

Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши керак.

Ҳеч ким шартномавий мажбуриятларни бажара олмаганлигига асосланиб жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий, илмий ва бошқа тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас.

26-модда. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминланади.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллаш жараёнида юзага келадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч бир шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиниши ва уларнинг шахсий қадр-қиммати ҳурмат қилиниши керак.

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак»;

  • қуйидаги мазмундаги 261 ва 262-моддалар билан тўлдирилсин:

 

«261-модда. Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, ўзига қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштирилиш, ўз фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ҳуқуқбузарликлардан ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.

Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

262-модда. Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ҳеч бир шахс содир этилган пайтда ҳуқуқбузарлик деб топилмаган қилмиш учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Қилмиш учун жазони истисно этадиган ёки енгиллаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга.

Жавобгарликни белгилайдиган ёки оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.

Ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас»;

  • 27 30-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«27-модда. Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари   орқали   сўзлашувларни,   почта-телеграф   жўнатмаларини ҳамда  бошқа  хабарларни  амалга  ошириш  эркинлиги  ва  уларнинг  сир сақланиши  ҳуқуқига  эга.  Ушбу  ҳуқуқнинг  чекланишига  фақат  қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Ҳар  ким  уй-жой  дахлсизлиги  ҳуқуқига  эга.  Суднинг  қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди.

Ҳеч ким шахснинг уй-жойига ёки бошқа мол-мулкига қонунда назарда тутилганидан бошқача ҳолда ва тартибда киришга, тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас.

28-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.

Ҳар ким республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқига эга.

29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳуқуқларни чеклашга фақат мавжуд конституциявий тузумни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамоат хавфсизлигини ҳамда тартибини ҳимоя қилиш, шунингдек давлат сири ёки бошқа сир деб эътироф этилган ахборот ошкор этилишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолларда, қонун билан йўл қўйилади.

30-модда. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўз ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ҳар ким давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, жамоат бирлашмаларида, ташкилотларда ўзи ҳақида тўпланган маълумотлар билан танишиш ва нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, шунингдек ноқонуний йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб этиш ҳуқуқига эга»;

  • 32-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«32-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати йўли билан амалга оширилади.

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

Фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг ўзига хос тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ҳамда анъаналардан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда ва қонун доирасида ҳал этиш ҳуқуқи ҳамда уни амалга ошира олиш қобилияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши деб эътироф этилади»;

  • 35-модданинг биринчи қисмидаги «муассасаларига ёки» деган сўзлар «муассасаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёки» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
  • IX бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«IX боб. Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар»;

  • 36-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан

интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга»;

  • 37 40-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«37-модда. Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак.

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.

Жазони суднинг ҳукмига кўра ўташ тартибидан бошқача тартибдаги мажбурий меҳнат ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардаги мажбурий меҳнат тақиқланади.

Мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

38-модда. Ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга.

Ёлланиб ишлаётган фуқаролар дам олиш ҳуқуқига, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.

39-модда. Ҳар бир шахс қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, ишсизликда, ногиронликда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади, давлат пенсияларини, нафақаларини ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилайди.

Пенсияларнинг, нафақаларнинг, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.

Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитларни яратади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, чеклаш ёки ортиқча ён босиш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланади.

40-модда. Ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради.

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради»;

  • қуйидаги мазмундаги 401-модда билан тўлдирилсин:

«401-модда. Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга»;

  • 41-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«41-модда. Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.

Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашади.

Давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.

Бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.

Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

Мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлади.

Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади.

Давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди.

Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади.

Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир.

Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди»;

  • қуйидаги мазмундаги 411-модда билан тўлдирилсин:

«411-модда. Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли.

Олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.

Давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашади»;

  • 42-модданинг биринчи қисмидаги «илмий ва техникавий» деган сўзлар «илмий, техникавий ва бадиий» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
  • IХ боб қуйидаги мазмундаги 421-модда билан тўлдирилсин:

«421-модда. Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратади»;

  • 43 ва 44-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«43-модда. Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Давлат инсон ва фуқаронинг Конституцияда ҳамда қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлайди.

Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

44-модда. Ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар бир шахс ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун ўз иши ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан оқилона муддатларда, тенглик, тортишув ва адолат принциплари асосида кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.

Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши учун инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилишга ҳақли»;

  • 45-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини оширишга, уларга жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чоралар кўради»;

  • 49-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

«Тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Давлат ва жамият миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маънавий ва маданий меросининг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида ғамхўрлик қилади»;

  • 52-модда:

қуйидаги мазмундаги биринчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ватанга бўлган садоқат муқаддасдир»;

биринчи қисми иккинчи қисм деб ҳисоблансин;

  • учинчи бўлимнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«УЧИНЧИ БЎЛИМ. ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ВА ШАХС»;

  • XII боб қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«XII боб. Жамиятнинг иқтисодий негизлари

53-модда. Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, ҳалол эркин рақобатни, барча мулк шакллари ҳуқуқий жиҳатдан тенг равишда муҳофаза қилинишини кафолатлайди.

Хусусий мулк дахлсиз ва давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Давлат иқтисодиёт тармоқларининг ва ҳудудларнинг уйғун ҳолда ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратади, шунингдек иқтисодий ресурсларнинг адолатли равишда тақсимланишини таъминлайди.

Давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини ва инвестициявий муҳитни, шарт-шароитларни таъминлайди.

Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли.

Ўзбекистон  Республикасида  товарларнинг,  хизматларнинг,   ишчи

кучининг ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Товарларнинг, хизматларнинг, ишчи кучининг ва молиявий маблағларнинг ҳаракатланишини чеклашга қаратилган чора-тадбирлар, агар улар хавфсизликни, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя қилинишини, табиат ва маданий мерос объектлари муҳофаза қилинишини таъминлаш учун зарур бўлса, қонунчиликка мувофиқ жорий этилиши мумкин.

Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.

531-модда. Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин.

54-модда. Мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг,

давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги керак.

55-модда. Ер, ер ости бойликлари, сув, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат мулкида бўлади. Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат томонидан муҳофаза қилинади»;

  • 56-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«56-модда. Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, унинг мазмунини белгилайди. Улар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишга, ижтимоий ҳамда маданий мақсадларга эришиш учун кўмаклашишга, жамиятнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилгандир»;

  • 61-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган барча диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлиги кафолатланади.

Давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашига кафил бўлади»;

  • 63 ва 64-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«63-модда. Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлади.

Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади.

Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

64-модда. Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз болаларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълими, соғлом, тўлақонли ва уйғун камол топиши тўғрисида қайғуриши шарт.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг соғлом, баркамол ривожланишини ва таълим олишини таъминлайди, ушбу йўналишдаги хайрия фаолиятини рағбатлантиради»;

  • 65-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

«Боланинг манфаатлари, болаларнинг тўлақонли, жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишидир.

Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний

қадриятларга содиқликни, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади»;

  • 70 ва 71-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«70-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади.

71-модда. Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга. Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига зид бўлиши мумкин эмас»;

  • 72-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилиги Ўзбекистон Республикасининг ягона ҳуқуқий тизимига киради ва у Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг таркибий қисмидир»;

  • 74 ва 75-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«74-модда.    Қорақалпоғистон   Республикаси   ўз   ҳудудида  қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир.

75-модда. Ўзбекистон Республикаси Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий, иқтисодий, маданий, инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожланиши учун зарур молиявий, моддий, ташкилий-техник ва бошқа шарт-шароитларни яратади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти олий органларида ўз вакилларига эга бўлади»;

  • 77-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати айни бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас»;

  • 78-модда биринчи қисмининг:

4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«4) Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатига оид масалаларни кўриб чиқиш, давлат стратегик дастурларини қабул қилиш»;

15, 16 ва 17-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;

  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш»;
  • 80-модда:

қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:

«5) Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг  тақдимига  биноан Ўзбекистон   Республикаси    Ҳисоб    палатасининг   раисини      тайинлаш ва лавозимидан озод этиш»;

6-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«6) Ўзбекистон          Республикаси          Президентининг          Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини ва Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш»;

8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш, шунингдек уларнинг фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш»;

  • 83-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«83-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эга. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатларига оид масалалар юзасидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш воситасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчиликка оид таклифларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритишга ҳақли.

Қонун лойиҳаларини, қонунчиликка оид таклифларни киритиш ва кўриб чиқиш тартиби қонун билан белгиланади»;

  • 84-модданинг:

иккинчи қисмидаги «ўн» деган сўз «йигирма» деган сўз билан алмаштирилсин;

учинчи қисмидаги «ўн кун ичида» деган сўзлар «йигирма кундан кечиктирмай» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи қисмидаги «ўттиз кун ичида» деган сўзлар «икки ойдан кечиктирмай» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

  • 90-модданинг иккинчи қисмидаги «беш» деган сўз «етти» деган сўз билан алмаштирилсин;
  • 93-модда биринчи қисмининг:

6 ва 7-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«6) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик вакилларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

  • ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим стратегик устувор йўналишларини белгилайди ҳамда уларнинг ижро этилишига оид масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мурожаатномалар йўллайди»;

12 ва 13-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлайди  ва  лавозимидан  озод  қилади,  кейинчалик  бу  масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади; 13) Ўзбекистон   Республикаси   Олий    Мажлисининг   Сенатига Ўзбекистон   Республикаси   Конституциявий   судининг,   Ўзбекистон Республикаси   Олий   судининг   таркибига   номзодларни,   шунингдек Ўзбекистон  Республикаси  Судьялар  олий  кенгаши  раиси,  Ўзбекистон Республикаси    Марказий    банки    Бошқаруви    раиси,    Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади»;

25-банди    қуйидаги   мазмундаги     25,   26     ва     27-бандлар    билан алмаштирилсин:

«25) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини шакллантиради ва бошқаради;

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантиради;
  • ушбу Конституцияда ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади»;
  • 98-модда иккинчи қисмининг:

1, 2 ва 3-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1) самарали иқтисодий, ижтимоий, экологик, молиявий, пул-кредит сиёсати олиб борилиши, илм-фан, маданият, таълимни, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;

  • фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
  • давлат бошқаруви органларининг ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди»;

6-банди қуйидаги мазмундаги 6 9-бандлар билан алмаштирилсин: «6) давлатнинг ёшларга оид сиёсати амалга оширилишини

таъминлайди, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолиш чораларини кўради;

  • ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг фаолият кўрсатишини таъминлайди;
  • фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширади,

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда уларнинг иштирок этишини таъминлайди, ижтимоий шерикликка оид дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

9) ушбу Конституцияда ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади»;

  • 99, 100 ва 101-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«99-модда. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органларидир.

Тегишли ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.

Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.

Халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг сайлови тартиби қонунда белгиланади.

Халқ депутатлари Кенгашларининг ва ҳокимларнинг фаолиятини ташкил этиш қонун билан тартибга солинади.

Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати – беш йил. Янгидан ташкил этилган маъмурий ҳудудий бирликларда халқ депутатлари Кенгашларига сайлов халқ депутатлари Кенгашларига навбатдаги умумий сайловларга қадар бўлган даврдан ошмайдиган муддатга ўтказилади.

100-модда. Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ва уни қуриш қоидаларини ҳокимнинг тақдимига биноан тасдиқлаш;

тегишли маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимига биноан кўриб чиқиш ва қабул қилиш, ушбу бюджетларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;

маҳаллий солиқлар ставкаларини ва бошқа мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;

ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини тан олиш ҳамда муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳокимнинг қарорларини тасдиқлаш;

тегишли прокурорларнинг, ички ишлар органлари раҳбарларининг, адлия органларининг ва давлат бошқаруви органлари бошқа бўлинмаларининг ҳисоботларини эшитиш;

ҳокимнинг ва қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш;

қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

101-модда. Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

қонунларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг фармонларини, қарорларини ва фармойишларини, юқори турувчи органларнинг ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарорларини бажариш;

соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чораларни амалга ошириш;

фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чораларни амалга ошириш;

муниципал мулкни ва маҳаллий коммунал хўжаликни бошқариш;

атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш;

фуқароларнинг бўш вақтини ташкил этиш ва маданият соҳасидаги

хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;

халқ депутатлари Кенгашларига вилоятни, туманни, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳаларини, шунингдек уларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш;

қонунда белгиланган ҳолларда, қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини бекор қилиш ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

республикада ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш юритиш;

қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш»;

  • 102-модданинг:

биринчи қисми чиқариб ташлансин;

иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

  • 103-модданинг учинчи қисми чиқариб ташлансин;
  • 105-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«105-модда. Раисни    ва   ўз   бошқарув   органларини    сайлайдиган маҳаллалар шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир. Маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва ўз ваколатлари доирасида мустақилдир.

Давлат маҳаллалар фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунчиликда берилган ваколатларни амалга оширишда кўмаклашади.

Маҳаллалар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, шунингдек маҳалла раисининг ва бошқарув органларининг сайлови тартиби, ваколатлари ҳажми қонун билан белгиланади»;

  • 109-модда биринчи қисмининг:

6-бандидаги «конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

7-банди қуйидаги мазмундаги 7 ва 8-бандлар билан алмаштирилсин: «7) фуқароларнинг  ва  юридик  шахсларнинг  муайян  ишда  суд томонидан   уларга   нисбатан   қўлланилган   қонуннинг   Конституцияга

мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади;

  • Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади»;
  • 111-модданинг биринчи   қисми   қуйидаги   таҳрирда   баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир»;

  • 112-модда:

биринчи қисмидаги «одил судловни амалга ошириш борасидаги» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин»;

иккинчи бешинчи қисмлари тегишинча учинчи олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

олтинчи қисми чиқариб ташлансин;

  • 116-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«116-модда. Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.

Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди»;

  • 117-модданинг еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон

Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар   Кенгашларига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади»;

  • 122-модда қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджетини ва давлат қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилади.

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонунда белгиланади»;

  • 127-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу моддаси иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас».

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Конституциявий Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Улашинг: