Ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий: Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг зарурияти ва уларнинг умумий мазмуни.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи ва “Конституция нима?” деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
“Конституция” атамаси Қадимги Римдаёқ маълум бўлган (император Конституцияси деб аталган қонун). Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига комил ишонч ҳосил қиламиз.
Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этган.
Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, Конституциямиз – Асосий Қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгитдан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олдик.
Мана энди, мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович бошчилигида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни бошланган. Энг муҳими, ўтган 6 йил мобайнида бутун жамиятимиз қайта уйғонди, одамларимиз янгича фикрлаш, ишлаш ва яшашга интилмоқда.
Бугун мана шу демократик янгиланиш жараёнларига янгича руҳ ва шиддат бериш, ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш зарурлигини барчамиз яхши англаб турибмиз.
Сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилган. Хусусан, оҳирги Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган.
Сайловчиларимизнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди».
Олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор. Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.
Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозосидир. Маълумки, Асосий қонунимизнинг 12-моддасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Бу – ўта муҳим ва жуда тўғри белгиланган конституциявий қоидадир.
Таклиф этилаётган қўшимча ва ўзгартиришларга тўхталадиган бўлсак Конституцияни 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар 6 та янги модда 16 та янги норма киритилмоқда.
Булар: Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий ва демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда.
Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги белгиланмоқда.
Фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, чеклаш ёки ортиқча ён босиш, шунингдек уларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланмоқда.
Давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Давлат пенсияларини, нафақаларини ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилайди.
Пенсияларнинг, нафақаларнинг, ижтимоий ёрдамни бошқа турларини миқдорини расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол ҳаражатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланмоқда.
Мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Никоҳ аёл ва эркакнинг иҳтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлигига асосланади.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади.
Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.
Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз болаларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълими, соғлом, тўлақонли ва уйғун камол топиши тўғрисида қайғуриши шартдир.
Боланинг манфаатлари, болаларнинг тўлақонли, жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатини энг муҳим устивор йўналишидир деб белгиланмоқда.
Чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин. Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратишида хизмат қилади.
М. Б. Ахматохунов,
Андижон вилоят адлия бошқармасининг
Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлим бошлиғи.