“Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг ҳамда хусусий мулк дахлсизлигининг янги конституциявий кафолатлари.
“Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонун лойиҳасининг 53-моддасига кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш
эркинлигини, ҳалол эркин рақобатни, барча мулк шакллари ҳуқуқий
жиҳатдан тенг равишда муҳофаза қилинишини кафолатлайди.
Хусусий мулк дахлсиз ва давлат томонидан ҳимоя қилинади.
Давлат иқтисодиёт тармоқларининг ва ҳудудларнинг уйғун ҳолда
ривожлантирилиши учун шарт-шароитлар яратади, шунингдек иқтисодий
ресурсларнинг адолатли равишда тақсимланишини таъминлайди.
Давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик
муҳитини ва инвестициявий муҳитни, шарт-шароитларни таъминлайди.
Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни
амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда
танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикасида товарларнинг, хизматларнинг, ишчи
кучининг ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши
кафолатланади.
Товарларнинг, хизматларнинг, ишчи кучининг ва молиявий
маблағларнинг ҳаракатланишини чеклашга қаратилган чора-тадбирлар,
агар улар хавфсизликни, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимоя
қилинишини, табиат ва маданий мерос объектлари муҳофаза қилинишини
таъминлаш учун зарур бўлса, қонунчиликка мувофиқ жорий этилиши
мумкин.
Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл
қўйилмайди.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари
қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.
531-моддасига кўра, Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз
маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун
мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган
алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг
қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин.
54-моддасига кўра, мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш
атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг,
давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган
манфаатларини бузмаслиги керак.
А. Касимов,
Адлия бошқармаси Ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи.