Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

БЕПУЛ ЧИПТАЛАР КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Ўзбекистонда айрим шахсларга поезд ва автобус учун бепул чипталар берилади

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2024-йилдаги 733-сонли Қарори билан “Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган шахсларга темир йўл транспортида ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Низомга кўра, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар танловига кўра темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталардан бир йилда фақат бир марта берилади. Бориш ва қайтиш учун бепул чипта олишда исталган транспорт (темир йўл ёки автобус) туридан фойдаланилиши мумкин. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни кузатиб бораётган бир нафар шахс ҳам бориш ҳамда қайтиш учун бепул чипта олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Муқаддам, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2023 йилдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-410-сонли қарори қабул қилинган.

Унга кўра “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади. 2024-йил 1-апрелдан рейестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ва уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бир йилда бир марта темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.

Ўзбекистон Республикасининг 18.10.2024 йилдаги “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-977-сонли Қонуни билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

Ш.Абдурахмонов,

Избоскан тумани адлия бўлими бошлиғи  

Улашинг: