Бола ҳуқуқларининг кафолатлари
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга қатъий амал қилинади.
Қонунга кўра Бола ҳуқуқлари – ҳар бир бола (18 ёшга тўлмаган шахс бола ҳисобланади) ҳеч қандай чеклашларсиз эга бўлиши лозим бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир. Болалар ва ёшлар катталар билан бир хил инсон ҳуқуқларига эга ва бу барча томонидан тан олинади. “Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади.
Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради. Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир. Бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Давлат соғлом боланинг туғилиши ва ривожланишини таъминлаш учун шароит яратади.
Ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳуқуқига, шунингдек уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга.
Ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга.
Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Бола қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмас.
Оилада ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама жараёнида сўзлашга ҳақлидир.
Бунда қарор қабул қилишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши керак.
Ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир бола ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, қонунда назарда тутилган чеклашлар бундан мустасно.
Бола фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкин.
Бола қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Боланинг шахсий фойдаланишида бўлган, бола томонидан ҳадя, мерос тариқасида олинган, шахсий меҳнати эвазига ёки бошқа қонуний усулда олинган буюмлар, мол-мулк унинг хусусий мулкидир.
М.Эргашева,
Избоскан тумани 1-тоифали инспектори