Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Оила — муқаддас даргоҳ

Оила — муқаддас даргоҳ  

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” дея қайд этилган. 76-моддасида эса, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у жамият ва давлат муҳофазасида экани, давлат оиланинг тўлақонли ривож­ланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши таъкидланган.

Оила жамият ривожи, юрт тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади. Соғлом муҳит қарор топган оилалар ва уларда камол топаётган фарзандлар — юрт келажаги. Шу боис мамлакатимизда оилалар мус­таҳкамлигини таъминлаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан би­ри этиб белгиланган. Ҳар бир янги қурилаётган оила давлат муҳофазасига олинган.

Оила қонунчилигига оид барча норматив хужжатларда оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, балки вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Албатта, жамиятнинг энг оғ­риқли муаммоси — ажрим ҳақида сўз борар экан, фарзандлар тақдири жиддий ташвишга солади. Негаки, ота-онанинг ажралишидан фарзандлар ҳаммадан кўпроқ азият чекади. Оилавий ажралишларнинг салбий оқибатлари нафақат собиқ эр-хотинлар ҳаётида, балки уларнинг меҳнат фаолиятида, жамиятда ҳам муайян бўшлиқни юзага келтиради.

Никоҳдан ажрашиш сабабларидан бири «эр-хотиннинг феъл-атвори тўғри келмагани». Бунинг олдини олиш учун туман ҳокимликлари қошида ташкил этилган оила илми ўқув машғулотларида никоҳга қадар икки ёшни ои­­лавий ҳаётга, ота-она бў­лишга тайёрлаш талаб этилади. Шунинг баробарида, бўлажак эр-хотин сифатида улар бир-бирининг феъл-атворини ўрганиши учун имконият яратиш, мутахассислар, хусусан, психологларни жалб этиш орқали оила қуришга аҳд қилган ёшларнинг дунёқараши, орзу-истаклари, рўзғор юкини биргаликда торта олиши ёки йўқ­ли­ги­ни, дунёқарашлари нечоғлик мувофиқ келишини психологик тестлар, усул ва воситалар ёр­дамида аниқлаш амалиётини йўлга қўйиш лозим.

Яна бир сабаб бу фарзандсизлик. Ушбу жиддий сабаб туфайли эр ёки хотин ажрашиш фикрига келган. Бу масалада тиббиёт ходимларининг амалий ёрдами ва тавсиясига эҳтиёж мавжуд. Чунки никоҳ тузилгунга қадар никоҳланувчиларнинг ҳар би­ри ота ёки она бўлиш қобилиятига эга ёки йўқлиги, иккинчидан, шу икки шахснинг қони ва бошқа белгиларига кў­ра, биргаликда ота-она бўлиш имконияти ўрганилиши, учинчидан, ота-оналар ва бошқа мутасаддиларнинг фарзандсизлик масаласини ҳал этишга етарлича эътибор қаратиш лозим.

Яна бир жиддий ҳолат: кўп оилаларда қўшимча даромадга эҳтиёж мавжудлиги сабабли ажралиш келиб чиққанлиги аниқланмоқда. Бунда эр ёки хотиннинг хорижга иш излаб кетиши, аёлнинг ишлашига қаршилик, бегона юртларда қолиб кетиш, бедарак кетиш, чет элда бошқа шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш каби ҳолатлар оиланинг дарз кетишига сабаб бўлган. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мус­таҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш бу муаммонинг ечимидир. Айни йўналишда давлат ор­ганлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиши бундай муаммолар ечимининг асосий калитидир.

Хулоса қилиб айтганда, ои­лани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, низолашаётган эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат мутасаддилар , балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ри­­вожига муносиб улуш бўлиб қўшилиши шубҳасиздир.  

Н.Шамсутдинова,

Избоскан тумани ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори

Улашинг: