Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

НАВРЎЗ — ҚАДИМ ҚДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ

Наврўз – “янги кун”, улуснинг улуғ куни, байрам, шамсия (қуёш) йил ҳисобида йилнинг биринчи куни ҳамдир.
Наврўз номоддий-маданий мерос намуналаридан бири сифатида халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг рўйхатидан жой олган. Халқимиз тарихи ва маданиятининг бир бўлаги бўлган Наврўз қадимий бўлиши билан бирга, ҳар йили биз билан бирга янгиланиб, англаниб бораётган улуғ ва навқирон бир байрамдир. Қолаверса, Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларида яшовчи халқларнинг энг қадимий анъанавий байрами ҳамдир.
Тарихий манбаларга кўра, Наврўзни нишонлаш туркий халқларда энг катта байрамлардан бири ҳисобланган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида Наврўзга бағишланган кўп­лаб халқ қўшиқлари келтирилган. Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Умар Ҳайём­нинг «Наврўзнома»си, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бош­қа алломаларнинг асарларида учрайди. Умуман олганда, Шарқ мамлакатларида Наврўз байрамини янги йилнинг бошланиши сифатида юқори кайфиятда ва ўзгача шукуҳда кутиб олишган. Бу анъана ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.
2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили” да Наврўз кунларида кунлар ҳавоси ўзгариб турсада атрофда ажиб манзаралар барқ уриб, табиат уйғонмоқда. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Янгиланиш, яшариш фасли бошланди. Шукуҳли бу кунларда эса юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади. Асрлар тарихига эга бу байрам томошаларида халқимизнинг қадимий урф-­одатлари, миллий анъаналаримиз қайта тикланиб, янгича тус олади. Шу тариқа миллий меросларимиз авлодлар қалбига синга боради. Наврўз байрамининг қадим тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни ҳақидаги тўхталиб ўтсак.
Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаё­тида ҳам жуда катта ўзгариш­лар рўй бермоқда.

Мазкур жабҳада мустақиллик арафасида, ҳали собиқ иттифоқ ҳукмрон бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан маданий-маърифий, умуман, маънавий ҳаётимизда туб бурилиш ясаган муҳим бир тарихий ҳужжат имзоланганлигини бугун қувонч билан эслаймиз. Юртимизда 21 март—Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни, деб эълон қилинганлиги, бу кунни эркин, умумхалқ байрами сифатида нишонлаш имконини яратди.
Наврўз асосан баҳорий тенг кунлик 21-22 мартдан бошлаб нишонланган ва бир ҳафта, ўн кун, ҳатто, баъзи жойларда бир ойгача давом этган байрам. Наврўз байрами — бу деҳқон, чўпон, ҳунарманд, қўйингки, ҳаммамизнинг ҳақиқий умумхалқ байрамимиздир. Тарихда Наврўзга муносабат доимо бир хил бўлиб келмаган. Турли даврларда Наврўз байрамига у ё бу даражада аралашувлар бўлган. Масалан, Сосонийлар даврида Наврўзни ёзги тенгкунликда нишонлашни расм қилишган. Лекин халқ байрами сифатида у барибир баҳорда кутиб олинаверган, яъни, бу каби уринишлар оқибатсиз қолган. Биз жуда яхши эслаймиз, Наврўзга энг қўпол тазйиқ шўролар даври сиёсати билан боғлиқ. Собиқ иттифоқ даврида Наврўзни байрам сифатида нишонлаш таъқиқлаб қўйилган.
Мустақилликка эришгандан кейин миллий-диний урф-одатларимиз яна қайта тикланиб, Нав­рўз кунини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Наврўз байрами тикланиши билан қадимий урф-одатларимиз, маросимларимиз қайтадан жонланди.
Наврўз байрами арафасида тумандаги жомеъ масжидларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, якка ёлғизлар, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ишлари йўлга кўйилди.
Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади.

Улашинг: