Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ИСЛОҲОТ ВА СИФАТЛИ ТАЪЛИМ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 йил, 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ собиқ Избоскан Транспорт касб-ҳунар коллежи негизида Избоскан тумани 2-сон касб-ҳунар мактаби ташкил этилди.
2021-2022 ўқув йилида 563 нафар ўғил-қизлар 21 та гуруҳда таълим олмоқдалар. Уларга 72 нафар малакали педагог ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталари сабоқ бермоқдалар. Таълим олиш жараёни 7 та йўналишда бўлиб, жумладан: “Автомобилларни таъмирлаш чилангари”, “Автомобилларни қисмларга ажратиш ва йиғиш чилангари”, “Тракторчи-машинист”, “Тикувчилик”, “Тўқиш-тикиш жихозлари операторлари”, “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш лаборанти”, “Ахборот тармоқлари оператори” каби гуруҳлар мавжуд. Ҳар бир гуруҳда 26-27 нафардан ўқувчи таълим олмоқда. Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар касб-ҳунар мактабида олган назарий билимларини амалиётда қўллашлари учун ўқув устахоналари улар ихтиёрига топширилган.


Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун касб-ҳунар мактабида 12 та ўқув тўгараклари ташкил этилиб, “Ёш чилангар”, “Дастурчи”, “Моҳир қўллар” каби тўгаракларда ўқувчилар ўз билимларини мус­таҳкамлаб бормоқдалар.
Спорт соҳасида футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка, тўгараклари ўқувчиларни доимо соғлом бўлиб, янги-янги ғоя­лар томон чорлашида муҳим аҳамият касб этмоқда. Таълим масканида “Ёш тадбиркорлар” клуби ҳам ташкил этилган. Клубда ўқувчиларни тадбиркорлик сир-асрорларини ўрганишида устозлари бор билимларини бермоқдалар.
Ўқувчилардан Ҳалилилло Чакаев 4 қути асалари, Бегали Абдуғофуров 40 та товуқ, Оятилло Эргашев 8 бош қуённи парваришлаб келмоқдалар. Ўқувчиларнинг сифатли таълим олишларида кўп йиллик меҳнат тажрибаларига эга ва ёш малакали ўқитувчилардан Алижон Мамасолиев, Соҳиба Мўминова, Гулнозахон Режапова, Шавкатбек Хожибеков, Гулираъно Жалолова, Жахонгир Каримов, Хусниддин Абдуқаххоров, Шавкатой Хожиқуловалар хамкасбларига намуна бўлмоқдалар.
— Бизнинг таълим даргоҳимизда ўқувчи ўғил-қизлар замонавий ахборот-технологиялари асосида билим олмоқдалар. Икки йил муддатга мўлжалланган таълим дастурлари асосида 11-синфни тугатган ёшлар ўқитилади. Мазкур таҳсилдан сўнг битирувчилар олий таълим муассасасида ўқиган касб-ҳунари бўйича суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади. Касб-ҳунар мактабини битирган ўқувчи ўз соҳаси бўйича дипломга эга бўлади.
Келажак режаларга келсак, ҳозирда келгуси 2022-2023 ўқув йилига замин тайёрлаш мақсадида “Ўзбекис­тон халқ устаси” моҳир ёғоч ўймакори Йўлбарс ота Ўтагановнинг тажрибаси асосида ёғоч ўймакорлик гуруҳини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Касб-ҳунар мактабининг ўқув устахонасида тажрибали махсус фан ўқитувчи ва таъмирловчи чилангарлар томонидан аҳо­лига “Автомобилларга сервис хизмат кўрсатиш” пуллик хизматини йўлга қўймоқчимиз. Бунда касб-ҳунар мактаби ўқувчиларга хизмат кўрсатиш орқали ўз маблағларини ошириш билан бирга кундалик эҳтиёжини қоплаб олиш имкониятларини яратмоқда.
Касб-ҳунар мактаби маъмурияти томонидан келажакда бу каби сервис хизмат турларини янада кўпайтириш режаси ишлаб чиқилмоқда. Бизнинг таълим масканимизда келажакда ўзи қизиққан соҳаларни эгаси бўлиши учун ҳраакат қилаётган истиқболли ёшларга бор билим ва имкониятларни ишга солган ҳолда меҳнат қилаверамиз, — дейди касб-ҳунар мактаби директори Мансурбек Абдужабборов.

М. РУСТАМОВ.

Улашинг: