Аввал хабар берганимиздек, Давлат бошқаруви академиясида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари учун икки кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди.
Округ сайлов комиссиялари раислари, раис ўринбосарлари, котиблари ҳамда аъзолар иштирок этган тренингларда Округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш, Округ ва УСК бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари ваколат ва вазифалари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилди.
Бугун, 19 август куни Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та округ сайлов комиссиялари раисларига гувоҳномалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари муҳри ва концелярия маҳсулотлари топширилди.
МСК раҳбарияти ва аъзолари, ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Сайлов кодексининг 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади. Округ сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан тасдиқланади.
Таъкидланганидек, сайлов жараёнларини қонуний, адолатли, холис ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда Округ сайлов комиссиясининг аъзолари ўрни алоҳида аҳамият касб этади.