Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартиби соддалаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.03.2022 йилдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-91-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов натижаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқлаш тартиби бекор қилинди. Президентнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармонига тегишли ўзгартириш киритилди.
Бундан ташқари, Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–20-сон қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
— деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда 2022 йил 1 март санасидан кейин хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига ҳам устуворлик берилади;
-“E-IJARA” ахборот тизимига ва “E-auksion” электрон савдо платформасига интеграция қилиш орқали идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйиладиган вазирликлар ва идоралар рўйхатига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги киритилди.
С.Матмусаев
“Мадад”Андижон шаҳар
ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси