Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ИЛДИЗИ МИНГ ЙИЛЛАРГА ТАҚАЛАДИГАН ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, 2021 йилда мамлакатимиз иқтисодиёти камида 5 фоиз ўсиши мақсад қилинган. Бироқ, глобал иқтисодиётдаги ноаниқлик узоқ давом этиши мумкинлиги иқтисодий ўсишнинг қўшимча захираларини топиш ва сафарбар қилишни талаб этмоқда.
Шу боис Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифасини қўйди. Зотан илгари ҳеч қачон муаммонинг ечими қуйидан юқорига қараб юрган эмас. Ҳамиша муаммо юқорида муҳокама этилнган ва тегишли қарор қабул қилинган. Бу билан гўёки қуйидагилар муаммоси тўлиқ ечилган. Бу масалалар ҳақиқатда ечилганми, охирига етганми, ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Шу боис ҳам Давлатимиз раҳбари қуйидаги муаммонинг ечимини топишни кун тартибига қўйди. «Маҳаллабай», «хонадонбай», «фуқаробай» юриб ўрганиш, муаммоларни умумлаштириш, ечимини топиш дейилганида аввалига кўпчилик давлат мулозимларининг «юқори»дан пастга тушиб, ечимни пастдан бошлашларига ишонмади.
Лекин бу сўзларнинг ҳақиқатлиги юқори мартабали мулозимларнинг, депутатларнинг маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юришиб, ора қўймай ҳар бир юртдошимизнинг эшигини таққиллатиб кириб боришганларида маълум бўлди. Албатта улар кўп нарсаларни ваъда қилмаяпти, бироқ хонадон эгаларининг қалбларига кириб боришяпти, уларнинг муаммоларини тинглашмоқда. Бу хонадонларда яшаётганларнинг орзу-умидлари билан бирга қандай муаммолари борлигига қулоқ тутяптилар. Одамлар аввалига ҳайрон бўлган бўлсалар Президентимизнинг кўзлаган мақсадларини тушунишиб, ҳол сўраб келган вазир, ҳоким, прокурор ва бошқа амалдорларга юракларини очяптилар, муаммоларини дадил айтмоқдалар.
Мана бир оилада ота ногиронлик нафақасини олади, тўшакка михланган. Ўрнидан туролмайди. Онанинг қўлида гулдай ҳунари бор. Лекин ишлай деса тикув машинаси йўқ. Олишга маб­лағдан қийналишади. Икки қиз коллежни тугаллаган бўлсада боғчадан иш топилмаяпти. Ўғил олий ўқув даргоҳига контракт асосида ўқишга киргану, имконият йўқлигидан ўқишга боролмаяпти. Кичкина томорқадан имкони борича фойдаланишиб, нафақа пули билан кун кечиришади. Маҳалладаги ёлланма ишларни бажариб, жимгина юрибди. Лекин ҳаётдан нолиш, у ер, бу ерга бориб «ёрдам пули бер» деб айтиш йўқ. Борига шукрона келтиришмоқда.
Бу оилани ўрганиш жараёни нима бериши мумкин? Отага ёрдам пули ажратиладиган бўлинди. Онага тикув машинаси олиб берилиши расмийлаштирилди. Қизлар ва ўғилга иш излаш баробарида яна қўшимча касб ўрганиш таклиф этилди. Қаранг битта оиладаги беш жоннинг беш муаммосига ечим юзага чиқди. Бунга қандай эришиляпти? Албатта ўрганилганда, улар қалбига йўл топилганда. Албатта бу оиланинг муаммоси ўша вақтнинг ўзида ҳал бўлиб қолмайди. Маълум вақт керак. Бироқ бу оиланинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлди. Ёлғиз эмасликларини англаб етдилар. Илгари ҳам шундай бўлганмиди? Йўқ. Фақат қоғоздаги ҳисоботлар эшитиларди.
Айтишларича Буюк Соҳибқирон Амир Темир бобомиз турли сафарлардан, юришлардан қайтганларида фуқаролар ҳолидан ҳуфиялар орқали хабар олдирар экан. Халқнинг қандай яшаш аҳволини ўрганар экан. Демакки халқ аҳволи билан қизиқиш, ўрганиш азал-азалдан бор экан. Бугунги ўрганишларнинг илдизи минг йилларга бориб тақалар экан. Бугун эса ана шу қадриятларимиз замонавий кўринишда ўзлигимизга қайтмоқда.

М. Мирзаабдуллаев.

Улашинг: