Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТИЛ — МИЛЛАТ РУҲИ, МИЛЛАТ ТИЛ БИЛАН ЯШАЙДИ

Миллат руҳи ва кўзгуси бўлган тилда халқнинг борлиғи, фик­ри, дунёқараши, орзу-умидлари, ҳис-туйғулари акс этади. Ҳар бир халқнинг тарихи, она Ватанига муносабати, меҳр-муҳаббати инсон тафаккури ва туйғуси бўлган сўзда ўз ифодасини топади. Шу сабаб ҳам ҳар бир халқ ўз она тилини бебаҳо қадрлайди, ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Унинг топталишига, йўқ бўлиб кетишига қарши беаёв курашади.
Оилада чақалоқ дунёга келибдики, она алласи ила она тилимизнинг илк сабоқлари унинг руҳиятига ва қалбига мустаҳкам кириб боради. Фарзандининг она тилига меҳр-муҳаббатли қилиш, бебаҳо сўз бойлигидан ўринли фойдаланишга ўргатиш, бу борадаги саводхонлигини таъминлаш эса биринчи галда ота-онанинг, оиланинг тўлақонли бурчидир. Зеро дунёга келган фарзанднинг комил инсон бўлиб вояга етиши учун кўп билим ва тарбия керак. Бунинг учун ўз она тилида билим олиши моддий ва маънавий тараққиёт сари олиб боради.
Тил туфайли ҳар бир жамият аъзоларида ҳосил бўлган тажриба ва билим оммалашади ва кўпчилик томонидан ривожлантирилишига имкон яратилади. Бндан ташқари, тил туфайли билим авлоддан-авлодга оғзаки ва ёзма тарзда бебаҳо ҳазина тарзида қолдирилади. Янги авлод ўтган авлоддан қолган битмас -туганмас хазинадан фойдаланиш жараёнида аждодлар ишини давом эттиради.
Ҳаммамизга маълумки она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларининг намунаси,миллат бирлиги ва бирдамлигининг тимсоли. У миллатни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради ва дунёда борлигини таъминлайди. Ҳар бир миллатнинг эса ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам бўлади. Инсон учун унинг Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас бўлади. Тил миллатнинг буюк бойлиги, бебаҳо хазинаси, туганмас мулкидир. Чунки миллатнинг тарихи, унинг маданий-маънавий мероси, урф-одатлари ва анъаналари унда мужассам бўлади.
Мустақил Ўзбекистонимизда она тилимизни ўрганиш, унга амал қилиш табиий эҳтиёж ва заруратга, ҳатто англанган мажбуриятга айланиб бормоқда. Ўзбек тилида тўғри, ифодали сўзлаш ва ёзиш, она тилимизнинг софлиги ва бойлиги тўғрисида тинмай ғамхўрлик қилиш, унинг истеъмол доирасини кенгайтириб бориш халқимизнинг бурчига айланди. Хусусан, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ҳар бир ёш ва ўқувчи ўз она тилидаги сўз бойлигини ошириш ҳамда тил имкониятларидан ўринли фойдаланишларини таъминлаш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Зотан фикр қуроли бўлган сўзни киши қанчалик кўп билса, унинг фикрлаш доираси, дунёқараши ҳам шунчалик кенг бўлади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти она тилимизда ўз ифодасини топмоқда. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегациялари ташрифи, ёшларимиз ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир. Биз ўз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз, бу ишдан ҳеч ким четда қолмаслиги лозим.

Дилнозахон Абдуманнопова,
2-умумтаълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси.

Улашинг: