Нажмите "Enter" для пропуска содержимого

Газеталар обунаси: МУАММОНИНГ ЕЧИМИ БОРМИ?!

Бугун ҳаётимиз шиддат билан ўтмоқда, тараққиётнинг одимлари ҳам кундан кунга тезлашмоқда.

Атрофимиздаги жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумотлар, айниқса, интернетдаги сайтлар, ижтимоий тармоқларда ахборотлар жуда кўпки, уларни ўзлаштириб, англаб олишга ҳам улгуришимиз қийин кечмоқда.

Мана шу жараёнда жамиятимиз ҳаётида босма нашрлар – газета ва журналларга талаб ва эҳтиёж сусайгани ҳам бор гап. Лекин мана шундай вазиятда, аниқроғи бозор иқтисодиётига ўтиш даврида газета ва журналлардан воз кечиш қанчалик тўғри бўлади.

Шу ўринда мулоҳаза туғилади. Интернет тармоғи Япония, Корея, Германия сингари давлатларда биздан кўра, ўн, юз марта юқори даражада ривожланганини ҳам ҳеч ким инкор этмаса керак. Лекин ўша давлатларда минглаб номдаги газета ва журналлар миллион-миллион нусхада, ҳатто бир кунда икки марта эрталабки ва кечки сонлари чоп этилмоқда.

Бугун биз бошимиздан ўтказаётган ривожланиш босқичини ана шу давлатлар бундан йигирма, ўттиз, эллик йил аввал ўтказган, интернет тўла-тўкис ҳаётларига кириб борган бўлса-да, улар нафақат ахборот манбаи, балки инсонга улкан маънавий озуқа берувчи, тафаккурини чархловчи, таҳлил қилишга, оқ-қорани ажратишга кўмак берувчи китоб, газета ва журнал ўқишни четга суриб қўймаган.

Минг афсуски, бугун кўплаб мутасадди раҳбарлар, кенг жамоатчилик, айниқса, зиёлилар матбуот нашрларидан осонгина воз кечмоқда. Қатор ҳукумат қарорлари чиққан, китоб ўқишни тарғиб этишга қаратилган  тарғибот тадбирлари ўтказилсада, йиллар давомида бирорта ҳам китоб ўқимай қўйдик. Ўқитувчи, шифокор, қўйингки, зиёлилар китоб, газета ўқимаса, у фаолиятини қандай самарали олиб бора олади, фарзандларига, ёш авлодга одоб-ахлоқдан, тарбиядан қандай сабоқ бериши мумкин? Тўғри, кун ўтаверади, кичик-кичик хатоларимиз кўзга кўринмаслиги мумкин, майда чуйда, деб билган ана шу жиҳатларга эътиборсиз қарасак ҳам ҳаётимиз ўтаверади. Бироқ йиллар ўтиб, ана шу хатоларимиз, эътиборсизлигимиз тарбияда, одоб-аҳлоқда, ўзлигимизни англаш, миллий қадриятларимизни улуғлашда тузатиб бўлмайдиган ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Эҳтимол, газета, китоб ўқимай қўйганлигимиз учун бугун ажримлар тобора кўпайиб, жиноятчилик ортиб  бораётгандир.

Газета, китоб ўқиган инсон ҳеч қачон ёмон бўлмайди, қинғир йўлга юрмайди. Асрлар давомида англанган мана шу тарихий ҳақиқатни унутмасак бўлгани.

 

Андижонда 2022 йил учун матбуот нашрларига қилинган обуна бўйича маълумотлар билан танишиб, аввал бу ҳақда кўп ёзилган, гапирилган бўлса-да, ушбу мавзуда яна ва яна гапириш лозим, деган фикрга келдим.

Тўғри, бугунги кунда бутун республикамизда босма нашрлар қийин шароитда фаолият юритмоқда. Лекин Андижонда бу борадаги ишлар ўта аянчли ҳолга тушиб қолган. Ўтган йили Андижонда туман, шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги ҳамда тармоқ газеталари белгиланган даврийликда чоп этилмади. Аксарият газеталар ойда бир ёки икки марта жуда оз сонда нашр этилди. Деярли барча таҳририятлар 2021 йилда ходимларига иш ҳаки тўлай олмади, босмахонадан қарздор бўлди.  “Андижоннома” газетаси маълум муддат чоп этилмай қолди. Йил давомида “Андижанская правда”, “Улуғнор”, “Хонобод садоси” газеталарининг бир нечта сони чоп этилди холос.  Туман, шаҳар газеталарининг муассиси бўлган туман, шаҳар ҳокимликлари эса таҳририятларга умуман эътибор қаратмади. Фақат бир нечта туман ҳокимликлари ўз газеталарининг чиқишига оз бўлса-да, кўмак бериб турганлигини ҳам инкор этмаслик лозим.

Жорий йилнинг биринчи хафтаси ҳам тугади. Йил бошида вилоятдаги бирорта туман газетаси чоп этилмади. Сабаби маблағ йўқ, обуна бўлмади.

“Андижон Матбуот тарқатувчи” МЧЖ ҳамда вилоят почтаси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 3,5 миллион нафар аҳоли яшайдиган вилоятда 2022 йил учун вилоятнинг бош нашри – “Андижоннома” газетасига 1 минг 922 нусха, “Андижанская правда” газетасига 207 нусха, “Улуғнор” газетасига 1 нусха,  “Асака ҳаёти” газетасига 2 нусха, “Андижон тонги” газетасига 36 нусха, “Булоқбоши” газетасига 15 нусха,  Избоскан тумани “Пахтакор” газетасига 21 нусха, қолган туманларда ҳам 100-200 нусха атрофида обуна

бўлингани, “Хонобод садоси”, Пахтаобод тумани “Давр садоси”, “Олтинкўл” газеталарига эса умуман обуна бўлинмаганлигини қандай тушиниш мумкин?

Ушбу рақамларни кўрган ҳар қандай кишида энди Андижонда босма нашрлар ёпилиб кетар эканда, деган савол туғилиши табиий. Лекин газеталар жамиятнинг бир бўлаги, жамият равнақи учун хизмат қиладиган восита. Қолаверса, давлат сиёсати, миллий ва истиқлол ғоялари тарғиботчиси, юртнинг бугунги кунини, жамиятдаги жараёнларни тарихга муҳрлайдиган, камида 80-100 йиллик тарихга эга туман, шаҳар газеталарининг чиқмай қолишига энг аввало, муассислар, қолаверса, кенг жамоатчилик, зиёлилар бефарқ қараб турмаслиги лозим. Газеталарга обуна бўлиш, уларни қўллаб-қувватлаш зарур.

Шу ўринда газеталарни қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги таклифни билдирмоқчиман. Агар муассислар, яъни туман, шаҳар ҳокимликлари ўз нашрларини мунтазам чоп этилиши учун зарур маблағ билан таъминламас экан, унда газетани чоп этиш харажатлари Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг қарори билан маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан молиялаштирилса, чоп этилган газеталарни мактаб, боғча, шифохона ва маҳаллаларга бепул тарқатиш тартибини йўлга қўйиш орқали газеталарни сақлаб қолиш мумкин бўлар. Бу таклифни амалга ошириш масаласи албатта, ҳокимликлар, депутатлар, қолаверса, кенг жамоатчиликка боғлиқ.

Нима бўлганда ҳам туман, шаҳар газеталарининг ёпилиб кетишига томошабин бўлиб қараб турмаслигимиз лозим.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА.

Улашинг: