Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Жиноят ва жазо: Тавбасига таянмаган гашишфуруш умрининг олти йилини панжара ортида ўтказади

Туғилиб ўсган жойида қўним топмай, ўзга юртларга бориб мўмай даромад эгаси бўлишни истаганлар у жойларда ҳам ақлини ишлатмаса, турли балоларга дуч келиши муқаррар. Избосканлик Баҳромжон(турар жойи ва исмлари ўзгартирилган) ҳам тезроқ бой бўлгиси келиб Россия Федерация­сига отланди. У ерда қурилишда ишлаб юриб, гиёҳвандларга ўралашиб қолди. Оз-оздан тотиб юрди-ю, бу балога илашди. Россиядан уйи­га мўмай пул билан эмас, илаштирган офати-гиёҳванд­лик билан қайтди. Кунига боши оғриб, қўли қалтирайдиган Баҳром ҳумори тутганида ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Шундай кунларнинг бирида у маҳалладоши Ойбек гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланишини тахмин қилиб унинг олдига борди. Тахмини тўғри чиққанидан боши осмонга етиб, агар гашишдан насияга бериб турса Тошкентга олиб бориб сотиб фойдаланмоқчи эканини айтди.
Ойбекдан 27.66 грамм гашишни олган Баҳром таниши А.А.ни кўриб қолди. А.А.иш билан Наманганга кетаётганини, вақти бўлса унга шерик бўлиб бориб келишини сўради. Улар Наманганга кетаётганларида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилаётган пайт­да Баҳром ўзини шубҳали тутди. Унга саволлар берилганида қилмишидан пушаймонлигини айтиб, 2 дона оқ целлофан халтага ўралган 27.66 грамм миқдорида гашишни ўз ихтиёри билан тақдим этди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари гиёҳвандлик моддасини кимдан олганликларини сўраганида, у бор гапни айтиб, Ойбекнинг жиноятини очишда фаол ёрдам беришини, режалаштирилаётган тезкор тадбирда иштирок этишини баён қилди.
Баҳром Ойбекнинг олдига бориб, махсус ишлов берилган 5 000 000 сўм пулни берди ва яна кўп миқдорда гиёҳвандлик моддасини насияга берса мўмай пул қилиб келишини айтди. Ойбек унинг таклифига рози бўлиб, пулни санай бошлаганида ташланган қармоққа илинди. Унинг яшаш хонадони тинтув қилинганда «марихуанна» ва «гашиш» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, тегишли баённома тузилди ва яна бир оғуфурушнинг фаолиятига чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида Баҳромжон ва Ойбекларнинг юқорида содир этган жиноий ишлари кўриб чиқилди. Уларнинг жиноятлари ўзларининг айбларига иқрор бўлиб берган кўрсатмалари, ҳолисларнинг гувоҳлиги, гувоҳларнинг кўрсатмалари, тинтув ўтказиш баённомалари, суд-кимёвий, суд-наркология экспертиза хулосалари ва жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топ­ди.
Суд ҳайъати Баҳромжон М. ни 4 йил муддатга озодликдан чеклаш, Ойбек П.ни 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоларига хукм қилди.
Ҳа, ҳақиқат қарор топди. Жиноятчилар қилмишларига яраша жазо олдилар. 2006 йилда ҳам қилган жинояти учун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Ойбек П.нинг қилмишлари учун хулоса чиқармагани, 2 нафар фарзандининг тарбияси, оиласининг қайнайдиган қора қозонини ўйламагани кишини ташвишга солади. Наҳотки Ойбекнинг қилмишидан, Баҳромнинг гиёҳвандлигидан қўни-қўшнилари, маҳалла аҳли хабардор бўлмасалар? Аслида маҳалла аҳлининг хабари бўлиши керак. Лекин «сен менга тегма, мен сенга тегмай» қабилида иш юритиш, лоқайдлик ва бепарволик балосидан ҳанузгача қутулмаслик Ойбек ва Баҳромдай кимсаларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Буни унутмайлик, бепарво ва лоқайд бўлмайлик.
Бугун Ойбек ва Баҳромнинг бошига тушган бало лоқайдлик ва бепарволик туфайли бошқаларнинг, яқин кишиларимизнинг ҳам бошига тушиб қолиши мумкин. Бундай хатарнинг олдини олиш эса ўзимизнинг қўлимизда, фуқаролик бурч ва мажбуриятимизни бажаришимизда, Ватанимизни юракдан севишимизда.

Н. Зайнабиддинов,
Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.
М. Мирзаабдуллаев,
«Пахтакор» махсус мухбири.

Улашинг: