Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Хотира: Бобомиз болажон, меҳрибон эдилар

Одатда кичкинтой болажонлар бобоси билан бувисини яхши кўришади. Чунки боболар ва бувижонлар набираларига ҳеч қаттиқ сўз айтишмайди, иложи борича сиз-сизлаб эркалатиб тарбиялашади, топган тутганини уларнинг қўлларига тутқазишади. Шуларни хаёлимдан ўтказиб Тўланбой бобомни эсладим.

Бобом болажон эди. Қандай вазиятда турмасин биз — набираларни кўрганда чеҳраси очилиб кетар, ҳаммамизни бир бир эркалатарди. У узоқ йиллар шофёрлик қилиб, эл-юрт хизматини қилди. Бобом энг муҳими бизга ёшлигимизданоқ билим олиш, келажакда ҳунарли, маълумотли бўлиш шартлигини уқтирарди. Оилада 5 фарзанд бўлиб, ҳаммаси ўғил эди. Уларга ҳунарли бўлиш, келгуси ҳаётида қийналмаслиги кераклигини айтиб керак пайтида уларнинг юриш-туришини назорат қилиб турарди. Унинг таълим-тарбияси, маъноли ўгитлари билан вояга етдик. Бобомнинг 5 фарзандидан 14 нафар набирамиз. Чеваралар ҳам вояга етиб боряпти.
Ҳаёт давом этяпти. Қариси бор уйнинг париси бор, деб бежиз айтишмайди. Оила аъзолари ҳаммамиз жам бўлганимизда бобомнинг ўрни дарҳол сезилади, уларни эслаймиз, насиҳатлари, эркалашларини қўмсаймиз. Бобомнинг дуолари туфайли кўп неваралар олий маълумотли бўлдик. Орамизда тадбиркор, шифокор, ҳуқуқшунос каби касб эгалари бор. Оиламизда Маҳаммадали, Маъруфжон, Ҳалимжон, Салимжон, Дилшодбеклар тадбиркор. Мен ҳуқуқшунос, Сардор Наманган политехника институтида иқтисод йўналиши, Алишер Тошкент Автомобиль йўллар институти йўл қурилиши архитектура йўналишида, Шоҳрух Малайзияда молия-иқтисод йўналишини тамомлаб, ўз соҳалари бўйи­ча ишламоқдалар. Шохбоз­бек Аграр институти Андижон филиали битирувчиси, Гулрух Тошкент фармацевтика институти талабаси ва ҳоказо… Бобомиз ва бувимиз Шарофатхон ҳеч нарсадан кам қилмай, борига қаноат, йўғига синоат руҳида сабрли, ҳаётда қоқилмайдиган қилиб вояга етказганлиги учун ҳаётда ҳам ўз ўрнимизни топдик. Бунинг учун улардан миннатдормиз ва руҳлари шод бўлишини тилаб доимо дуодамиз.

Ёрқиной КОМИЛОВА,
туман ФХДЁ бўлими мудири

Улашинг: