Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни моҳияти ва аҳамияти

2019 йилнинг 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-561-сон Қонуннинг мақсади хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.

Қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари белгилаб қўйилди. Жумладан:

ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

махсус марказларда текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш.

Жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек, Қонунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам белгиланди.

Булар:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш.

Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

  • профилактика суҳбатини ўтказиш;
  • ҳимоя ордерини бериш;
  • тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни махсус марказларга жойлаштириш;
  • зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ички ишлар органлари томонидан ҲИМОЯ ОРДЕРИ берилади.

Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ва ўттиз кун муддатгача берилиши лозим.

Тазйиқ ўтказган ва  зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси топширилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни МАХСУС МАРКАЗЛАРГА ЖОЙЛАШТИРИШ жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг талаби бўйича ўттиз кунгача бўлган муддатга амалга оширилади.

 

Ш.Ғуломжонов

Андижон вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими

етакчи маслаҳатчиси

 

Улашинг: