Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилиш усуллари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Давлат томонидан бериладиган пенсия таъминоти фуқароларнинг қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисини йўқотганда ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва уларни моддий томондан таъминлашдан иборат бўлган ижтимоий ҳимоя шакли ҳисобланади. Пенсия фуқароларга қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда тўланади. Бугунги кунда пенсия олувчилар юртимизда кўпчиликни ташкил қилади. Пенсия олувчилар бошқа фуқароларга нисбатан ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги барчамизга маълум. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, пенсия таъминоти олувчи шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар амалиётда ҳозирги кунга қадар кўплаб ҳолларда учраб келмоқда.

Бу эса, ўз навбатида пенсия таъминотига муҳтож бўлган шахсларнинг пенсия олишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби давлат органларининг пенсия тайинлаш билан боғлиқ бўлган моддий ва процессуал қонун нормаларини нотўғри қўллашда намоён бўлмоқда.

Бундан ташқари, пенсия тайинлашга ваколатли бўлган органлар томонидан фуқароларга пенсия тайинланаётганда уларнинг ёши, иш стажи ва пенсия тайинлашга асос бўлувчи бошқа ҳолатлар инобатга олинмасдан пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган фуқароларга асоссиз равишда пенсия тайинлаш рад этилмоқда.

Шу муносабат билан фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқлари фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судларда ҳимоя қилиб келинмоқда.        Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 44-сонли қарорининг
5-бандига кўра, давлат пенсия таъминотига оид ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилиши мумкин:

иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврларини белгилаш ҳақидаги;

иш стажини тасдиқловчи ҳужжатнинг тегишлилик фактини белгилаш ҳақидаги;

иш ўринларининг аттестация қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги.

Ушбу рўйхат тугал ҳисобланмайди ва аризани иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилиш вақтида ҳар қандай ҳуқуқ бузилиши суд орқали тикланиши мумкинлигидан, шунингдек, фуқароларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларининг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлиши билан боғлиқ ҳар қандай факт белгиланиши мумкинлигидан келиб чиқиш лозим бўлади.

Маъмурий судларда қуйидаги ишлар фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш ёки тиклаш ҳақидаги ишлар сифатида кўрилиши мумкин:

— Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг архивдан иш ҳақи тўғрисидаги маълумот чиқмаганлиги сабабли муайян меҳнат фаолияти даврини иш стажига қўшмаслик билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;

— Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг архивдан суғурта бадали тўланганлиги тўғрисидаги маълумот чиқмаганлиги сабабли муайян меҳнат фаолияти даврини иш стажига қўшмаслик билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;

— Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг иш ўрни аттестацияси мавжуд эмаслиги сабабли имтиёзли пенсияга чиқишни рад қилиш билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;

— Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг иш ҳақи ёки меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотлардаги ёзувлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотларга мос келмаганлиги сабабли пенсия тайинлашни рад қилиш билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги;

— Пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг пенсия тайинлашни рад этиш, пенсияни бир турдан бошқа турга ўтказишни рад этиш, пенсиядан чегирмалар қилиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ва бошқалар.

Бундай тоифадаги ишлар, яъни Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ёки бошқа органнинг қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги ишлар ариза тартибида, мансабдор шасхнинг ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишлар эса, шикоят тартибида кўрилади.

 

Д. Ўрманова

Асака туман юридик хизмат
кўрсатиш маркази бош юрисконсульти                          

Улашинг: