Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ЭҲФ: бизнес учун ишончли ва тезкор ечим

Замонавий бизнес ва умуман иқтисодиёт коронавирус пандемияси шароитларига мослашишга интилмоқда. Онлайн алоқалар, электрон ҳужжат алмашиш, масофавий хизматлар фойдасига хизмат қилмоқда. Қулай, оператив ва ишончли. Электрон ҳисобварақ-фактураларга шундай таъриф бериш мумкин.

Ўзбекистонда электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими босқичма-босқич татбиқ этилди. Жараён 2018 йилдан бошланди ва 2020 йил 1 январгача тизимдан фойдаланиш ихтиёрий бўлди. Қонун ҳужжатларига кўра, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ўзаро ҳисоб-китобларда ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклидан фойдаланиш мажбурияти жорий этилганига олти ойдан ошди.

Жорий йил 23 июль ҳолатига, 270 153 та тадбиркорлик субъекти ЭҲФдан фойдаланишга ўтган бўлиб, улар 10 599 337 та электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган.

Электрон ҳисобварақ-фактура тизимига ўтишни рад этиб келаётган солиқ тўловчилар олдини олиш мумкин бўлган муаммоларга дуч келишмоқда.

Масалан, ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда шартноманинг иккала иштирокчиси – харидор ва сотувчи томонидан бир вақтнинг ўзида тасдиқланади, яъни бу ҳисоботлар бир-бирига мос келиши демакдир. Шунинг учун, бу ерда ҚҚС занжирининг узилиш хавфи бўлмайди. Бундай далиллар кўпинча солиқ хизмати томонидан аниқланади, шундан сўнг ҳисоб-китобларни асослаб бериш учун сўров юборилади.

Корхонанинг ЭҲФга тўлиқ ўтиши виждонли солиқ тўловчи эканлигидан далолат беради. Улар ҳисоботларни тақдим этгандан сўнг ҳисоб-китобларнинг ҳақиқийлиги ёки реализация ва харид қилинган ҳисобварақ-фактуралар реестрларига мос равишда акс этмаслиги тўғрисида давлат солиқ хизматида савол туғдирмайди. Бу камерал солиқ текшируви билан боғлиқ тушунтиришлар ва билдиришномалар олишнинг олдини олади.

Муҳим! ЭҲФ – бу унинг қоғоз шакли каби тўлақонли ҳуқуқий ҳужжат. У ҳам реквизит ва маълумотларни ўз ичига олади. ЭҲФни шакллантириш ва тасдиқлаш ортиқча вақт сарфини талаб этмайди. Қоғоз ва транспорт харажатлари тежалиши аниқ. Аввалги икки-уч кун ўрнига 10 дақиқа етарли бўлади. Бундан ташқари, ЭҲФ исталган пайтда, исталган манзилга юборилади. Хавфсизлик ҳақида ҳам унутманг – электрон маълумотларни сақлаш ва хатони тузатиш анча осон.

Кўчмас мулкни ижарага беришда даромад солиғи бекор қилинди

Давлат солиқ қўмитаси Президентимизнинг 2020 йил 20 июлда имзоланган “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган имтиёзларни қўллаш бўйича тушунтиришларни эълон қилишни давом эттиради. 

Хусусан, Фармонда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

— жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилади;

— мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қандай қўллаш мумкин ва нима учун ижара тўловининг энг кам ставкаси бекор қилинди?

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Ҳужжатга асосан, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар ДСҚ дастурий маҳсулоти ёрдамида жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи автоматик равишда тўхтатилади.

Бунинг учун солиқ тўловчилар солиқ органлари ташриф буюришлари шарт эмас.

Мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.

Эндиликда ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида ихтиёрий келишувга асосан ижара суммасини белгилаб шартнома тузилади.

Ижара тўловларининг энг кам ставкалари (Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-589-сон Қонунининг 12-иловаси) асосида ижара шартномаларини тузиш мажбурияти 2020 йил 31 декабрга қадар бекор қилинди.

Ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

Бунда жисмоний шахс билан жисмоний шахс шунингдек, жисмоний шахс билан юридик шахс ўртасида тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари бўйича ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида ижара шартномаларини қайта кўриб чиқишлари мумкин. Юридик шахс жисмоний шахсдан мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага олган тақдирда, Солиқ кодексининг 388-моддасига асосан солиқ агентлари солиқ ҳисобининг регистрларида жисмоний шахсларнинг улардан солиқ даврида олган даромадлари, жисмоний шахсларга тўлов манбаида қўлланилган солиқ имтиёзлари, ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган солиқлар ҳисобини юритади.

Қайта тузилган ижара шартномаларини шахсий кабинет орқали электрон тарзда ёки карантин талабларига риоя қилган ҳолда ДСИга ташриф буюрган ҳолда рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Қайта тузилган шартномалар асосида даромад солиғидан ҳисобланган ортиқча тўлов жисмоний шасхнинг аризасига кўра унинг ҳисоб-рақамига қайтарилиши ёки унга жорий йил учун ҳисобланган ер ва мол-мулк солиқлари тўловига йўналтирилиши мумкин.

Ш. Хамракулов,

ДСИ матбуот котиби

Улашинг: