Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Мутахассис маслаҳати: олма қурти

Олма қуртига қарши дарахтларни кимёвий дорилаш ишини бу зараркунанданинг капалаклари учиб чиқаётганда, тухум қўйишга киришдан олдин ҳамда қуртлари тухумдан чиқа бошла ган ва ҳали мева ичига кириб улгурмаган вақтларда ўтказиш лозим. Боғлар жуда эрта ёки кеч (қуртларнинг кўпчилиги мева ичига кирган вақтда) дориланганида ҳосилнинг бир қисми нобуд бўлади.
Боғларни олма қуртига қарши дорилаш муддатларини белгилашнинг бир неча усули қўлланилади. Бу усуллардан энг қулайи ва самаралиси олма қуртининг табиий шароитда ривожланишини кузатиб туришдир. Бунинг учун олма ёки нок дарахтларининг кечпишар навларида 15–20 августда текшириб кўрилмаган, яъни орасида қишлаётган қуртлар бўлган ушлаш белбоғлари қолдирилади. Бу дарахтларнинг пўстлоғи ҳам тозаланмайди.
Биринчи кузги совуқлар тушганидан кейин дарахтларда қолдирилган белбоғлар аста-секин ечиб олиниб, қуртлар пиллалари билан бирга идишларга жойланади ва уларнинг оғзига дока тортилади. Бунда пиллаларни зарарламай сақлаб қолиб, қуртларни шу пиллалар ичида қишлатишга катта эътибор берилади. Қуртларни идишга жойлаш олдидан пиллалардаги қуртлар саналиб, уларнинг сони 150–200 гача етказилади. Сўнгра бу идишлар бостирмага осиб қўйилиб, улардаги қуртлар қишда ёғинлар ҳамда –8°C дан паст ҳарорат таъсиридан ҳимоя қилинади. Кўкламги илиқ кунлар бошланиши билан бу қуртларнинг ғумбакка айланиши ва улардан капалаклар чиқиши кузатиб турилади.
Иккинчи бўғин қуртларга дори пуркаш муддатини белгилаш учун майнинг учинчи ўн кунлигидан бошлаб ҳар уч–тўрт кунда бир марта ушлаш белбоғларига кирган қуртлар белбоғлар билан биргаликда олиниб идишларга жойланади ва уларнинг оғзига дока ёпилади. Идишдаги қуртларнинг сони 100 тадан кам бўлмаслиги шарт. Сўнгра бу идишлар бостирмага ёки дарахт шох-шаббасининг соя жойига осиб қўйилади.

Д. НАЖМИДДИНОВ,
И. РАҲМОНОВ,
вилоят карантин инспекцияси
инспекторлари

Улашинг: