Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Чевар қизлар янги жойда иш бошладилар

Туманимиздаги кўп тармоқли «Избоскан етти хазина» фермер хўжалиги боғдорчилик, балиқчилик билан шуғулланади. Эндиликда улар қаторига чеварчилик ҳам қўшилди.

Фермер хўжалигига Ўткирбек Болтабоев раҳбарлик қилади. 4 гектар ерга гилос, олма, олхўри каби бир қатор мевали дарахт кўчатлари экилиб парваришланмоқда.

Бир гектар ерда 140 минг дона «Африка лаққаси» боқилмоқда. Шу билан бирга балиқларни парваришлаш ва ўз-ўзини таъминлаш мақсадида чавақларни етиштириш йўлга қўйилган.

Тадбиркор опа-сингиллар Муҳаббатхон, Раънохон Мухторовалар «Нилуфар идеал текстиль» тикувчилик цехини очганлиги кўплаб хотин-қизларимизнинг иш билан таъминлади. Янги жойда иш бошлаган 60 нафар аёл 10 хилга яқин эркак ва аёллар ҳамда болалар уст-бошлари, турли чойшабларни сифатли тикиб тайёрламоқдалар.

Бунинг учун Ўткирбек Болтабоев 4 миллиард сўм ўз ҳисобидан ҳамда 900 миллион сўм кредит маблағини сарфлади. Тикувчилик цехининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этди. У шу ерда фаолият бошлаган хотин-қизлар билан мулоқотда бўлди. Чевархонадаги тикиш, дам олиш хонаси, ошхона ва бошқа шарт-шароитлар билан танишди. Опа-сингил тадбиркорлар ва чевар хотин-қизларга иш фаолия­тларида улкан муваффақиятлар тилади.

М. РУСТАМОВ

Улашинг: