ДИЙДОРЛАШУВ ҚУВОНЧЛАРИ
10 май куни 1969 йилда Алишер Навоий номли 1-ўрта мактабни т амомлаган синфдошлар учун ғоят қувончли ва ҳаяжонли кун бўлди. Чунки шу куни улар дийдорлашувнинг қувончли онларини ўтказдилар. Зотан инсон умрида йиллар ўтса-да, мактаб деган муқаддас даргоҳ, синфхонадаги беғубор болалик, бир партада ўтирган дўстлар ҳеч қачон унутилмайди. Шу куни улар Урганжида синфдошлари Олимжон Мамажонов фарзандлари тўйхонасида яна бир даврада жам бўлдилар.







Орадан 57 йил ўтибди…
Кечагина мактаб ҳовлисида шўхлик қилиб юрган болалар бугун 75 ёшдан ошган нуронийларга айланишди. Аммо вақт инсоннинг сочига оқ туширса ҳам, қалбидаги самимият ва дўстликни қаритолмас экан.
Бежиз айтилмаган:
Йиллар ўтар, умр ўтар изма-из,
Хотиралар қолар доим бебаҳо.
Мактаб деган муқаддас бир даргоҳ,
Қалбимизда яшар доим бир дунё.
—Ўша йили мактабимизнинг 6 та 10-синфини ҳар бири 36 нафардан зиёд ўқувчи тамомлаган эди. Биз ҳаётга катта орзу-умидлар билан қадам қўйдик. Кимдир шифокор бўлди, кимдир устоз, кимдир қишлоқ хўжалигида меҳнат қилди, яна кимдир инсонларга меҳр ва шифо улашган ҳамшира бўлди. Туманимиз ташкилотларини бошқарган собиқ ўқувчиларимиз ҳам талайгина. Мамасоли Маматураимов, Олимжон Мамажонов, Мавлудаҳон Жалолова, Орифхон Камолов, Муҳаммаджон Мирзаабдуллаев ва бошқа кўплаб мактаб, мактабгача таълими соҳаларини бошқарганлар бор. Бир сўз билан айтганда ҳар бир синфдош туманимиз ижтимоий ва иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшди. Биз ҳалол меҳнат қилдик, фарзандлар тарбияладик, эл-юрт хизматини шараф деб билдик. Бугунги кунда бизларнинг ишларимизни фарзандларимиз давом эттирмоқдалар,-дейди—учрашув ташкилотчиси Қуёшхон Собирова.—Айниқса, устозлик қилган дўстларимиз неча-неча шогирдларни камолга етказдилар. Шифокор бўлганлар инсонлар дардига малҳам бўлдилар. Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилганлар халқ ризқи учун хизмат қилдилар. Бунинг барчаси биз олган тарбиянинг, мактабимиз берган билимнинг самарасидир.
Шундай дамларда инсоннинг кўнгли тўлиб кетар экан:
Дўстлар билан ўтган ширин онларим,
Ёдимга тушганда титрайди диллар.
Болаликнинг беғубор кўчалари,
Ҳамон мени чорлаб турар йиллар.
Тадбир қатнашчилари ҳаётдан эрта кўз юмган синфдошларни ҳам чуқур эҳтиром билан ёд этдилар. Албатта уларнинг кулгуси, самимияти, дўстона суҳбатлари ҳамон ёдда сақланади. Руҳлари эсланиб доимо шод этилади. Учрашув бошланиши олдидан Қуръон тиловати қилиниб, уларнинг руҳлари шод этилди.
Дўстлик деган нурли туйғу бор экан,
Қалблар ҳеч қачон қаримас экан.
Йиллар ўтса, сочлар оқар бирма-бир,
Меҳр қолса, инсон асло кексамас экан.
Шу кунги учрашув барча учун яна бир тарихий лаҳза бўлиб қолди. Бу дийдорлар фарзандлар ва набираларга ҳам ибрат бўлади. Улар ҳам ота-оналари каби аҳил, меҳнаткаш, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғаядилар.
Учрашув якунида барча синфдошлар юртимиз тинч, халқимиз омон бўлиши, давралардан файз, хонадонлардан барака аримаслигини, осмонимиз мусаффо бўлиб, мустақиллигимиз абадий бўлишини тилаб дуога қўл очдилар. Ҳа, барчанмизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, фарзандлар ва набиралар бахтини кўриш насиб этсин.
Қадрдонлар, дийдор яхши неъматдир,
Дўстлар билан ҳаёт яна қимматдир.
Шу учрашув муборак бўлсин сизга,
Меҳр қолса — инсон умри давлатдир.
Учрашув давомида яна шу нарса ўз исботини топдики, инсон умрида бойлик кўп бўлиши мумкин. Лекин ҳақиқий бойлик — бу яхши дўстлар, ширин хотиралар ва инсонлар меҳридир. Биз ана шундай бойликка эга авлодмиз.
Учрашувни ташкил этишда Қуёшхон, Мавлудахон, Қодиржон, Адахамжон, Хошимжон, Абдуқаххор, Муталибжонларнинг ташаббускорлигини алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз.
Суратларда дийдорлашув онлари муҳрланди.

