Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тараққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади. Коррупция бор жойда ҳақиқат ва адолат, ҳеч қайси бир соҳанинг ривожланишига, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмаймиз.

Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа. Коррупция бу – шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди. Сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш, унинг келиб чиқишига шароит яратиб бераётган омилларни бартараф этиш, олдини олиш, уни таг-томири билан йўқ қилиш учун давлатимиз жиддий бел боғлади. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва унинг асосида бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб ижрога қаратилган. Шу ўринда ҳар бир давлат органи томонидан бу иллатга қарши курашиш мақсадида дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қўл уриш натижасида айрим ғаразли мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллати сабабли ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушиши ачинарли ҳолатлардан яна биридир. Ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг содир этилишида, уларнинг кўпайишида ва ўз вақтида барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда бу иллатга қарши муросасиз курашиш маданиятини шакллантириш мақсадида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси билан 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишда куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит бир тизим яратиш ҳамда соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш имконини берди.

Ўтган давр мобайнида коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, унга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий механизм ва институционал тизимлар яратиш ишлари изчиллик билан давом эттирилди.

Давлатимизнинг фаровонлиги, халқимизнинг эртанги куни, келажагимиз йўлида бир мақсад сари бирлашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз. Барчамиз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни аввал ўзимиздан бошлашимиз, бунга қарши маънан ва ҳуқуқий тайёрланишимиз, ушбу иллатнинг жамиятимиз келажаги учун хавфлилик даражасини тушуниб етишимиз зарур. Фуқароларимизнинг яъни ҳар бир шахснинг ўзи унинг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини тушунганида ва ўзида масъулият ҳис этган ҳолдагина коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади. Ҳар бир фуқаро қўрқмасдан ўз ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириши, ҳар қандай қонуний йўл билан уларнинг бузилишига йўл қўймаслиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига бефарқлик билан қарамаслиги, адолатсизлик бўлаётган пайтда шароитга бўйсуниш орқали вазиятга индамай кетмаслиги ва ўзининг мажбуриятларини сидқидилдан бажариши орқали нафақат коррупцияга, балки ҳар қандай жиноятга мукаммал қарши курашиш имкони юзага келади.

 

М.Ш.ХЎЖАМБЕРДИЕВА,

Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси.

Улашинг: