ШАҲВОНИЙ ШИЛҚИМЛИК — ИНСОН ШАЪНИ ВА
ҚАДР-ҚИММАТИГА ТАЖОВУЗ СИФАТИДА
Инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда амалдаги қонунчилик билан кафолатланган асосий ҳуқуқлардан бири ҳисобланади. Мазкур ҳуқуқларга тажовуз қилувчи ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар, жумладан шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари жамият учун ижтимоий хавфли бўлиб, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар қўлланилади.
Шаҳвоний шилқимлик деганда, шахснинг розилигисиз унга нисбатан жинсий характердаги ноўрин ҳаракатлар қилиш, ҳақоратли муносабат билдириш, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўз ва ҳаракатлар орқали маънавий азоб етказиш тушунилади. Бундай ҳаракатлар айрим ҳолларда маиший келишмовчилик, қўшничилик ёки жамоат жойларида содир этилиб, жабрланувчининг шахсий ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилувчи ҳаракатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳақорат қилиш, жамоат тартибини бузиш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя этмаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган.
Суд амалиётидан маълумки, айрим ҳолларда шаҳвоний шилқимлик билан боғлиқ ҳаракатлар жамоат жойида содир этилиб, нафақат жабрланувчи, балки атрофдагиларнинг ҳам тинчлиги бузилади. Бундай ҳолатларга нисбатан судлар томонидан қонун талабларига қатъий риоя этилган ҳолда ҳуқуқий баҳо берилади.
Суд амалиётидан мисол
Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди томонидан кўриб чиқилган маъмурий ишларнинг бирида (шахсларга оид маълумотлар шахссизлантирилди) фуқаро “А.” қўшниси “Б.” билан ўзаро келишмовчилик асосида жанжаллашиб, жанжал вақтида уни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилувчи ҳаракатларни содир этган.
Иш материаллари, ҳуқуқбузарларнинг кўрсатувлари ва суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилгани аниқланган. Суд томонидан ҳуқуқбузарнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан тўғри квалификация қилиниб, айбдор шахсга нисбатан жарима жазоси тайинланган.
Ишнинг иккинчи иштирокчиси эса содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси пастлиги, унинг шахси ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинган ҳолда маъмурий жавобгарликдан озод қилиниб, расмий огоҳлантириш билан чекланган.
Мазкур суд қарори амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ қабул қилинган бўлиб, шахснинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилувчи ҳатто нисбатан енгил кўринишдаги ҳаракатлар ҳам ҳуқуқий оқибатсиз қолмаслигини яққол кўрсатади.
Айниқса, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган шаҳвоний характердаги ҳаракатлар қонунчиликда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади ва бундай ҳолатларга нисбатан жазо чоралари анча қатъий ҳисобланади.
Шаҳвоний шилқимлик ва шахс шаънига тажовуз қилувчи ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар жамиятда ҳуқуқий тартибот ва маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Судлар томонидан ҳар бир ҳолатга қонун доирасида холис ва адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши жамиятда қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А. Назирбеков,
Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман
суди раиси

