Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗ ДЕБ ТОПИШ АМАЛИЁТИ ХУСУСИДА

2022 йил 13 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу қонунга кўра, эндиликда жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкин бўлди.

Қонуннинг 195-моддасига асосан, қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 200 баробарини ташкил этса, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари мавжуд деб ҳисобланади.

Шунингдек, агар бошқача ҳолат исботланмаган бўлса, қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда ҳам жисмоний шахс тўловга қобилиятсиз деб топилиши мумкин:

– пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятлар умумий суммасининг ўн фоизидан кўпроғи бундай мажбуриятлар бажарилиши лозим бўлган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ вақт давомида бажарилмаган бўлса;

– жисмоний шахс қарзининг миқдори унинг мол-мулки қийматидан ортиқ бўлса;

– ижрога доир иш юритиш жисмоний шахсда мол-мулк мавжуд эмаслиги муносабати билан тугатилганлиги тўғрисида қарор мавжуд бўлса.

Қарздор жисмоний шахснинг ўзи, унинг кредитори, шунингдек давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли ташкилотлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 25-моддасига мувофиқ, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади. Шу сабабли, қарздор жисмоний шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс бўлишидан қатъи назар, мазкур тоифадаги ишлар иқтисодий судлар судловига тегишли ҳисобланади.

Судга жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисида ариза берилганидан сўнг, агар қарздорда юқорида қайд этилган аломатлар аниқланса, суд томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин. Юридик шахсларга нисбатан қўлланиладиган тартиб-таомиллардан фарқли равишда, жисмоний шахсларга нисбатан суд томонидан қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ҳамда унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомиллари қўлланилади.

Суд томонидан жисмоний шахс тўловга қобилиятсиз деб топилиб, унинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомили жорий этилган тақдирда қуйидаги ҳуқуқий оқибатлар юзага келади:

– кредиторларнинг пул мажбуриятлари ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича талабларини қаноатлантиришга нисбатан мораторий жорий этилади;

– кредиторларнинг пул мажбуриятлари, солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш тўғрисидаги талаблари (жорий тўловлар бундан мустасно), шунингдек мулк ҳуқуқини эътироф этиш, мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш ҳамда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаблар фақат ушбу қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

– жисмоний шахснинг мол-мулкига нисбатан илгари белгиланган чекловлар бекор қилинади ва мол-мулкка нисбатан янги чекловлар фақат тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш доирасида қўлланилиши мумкин;

– ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш билан боғлиқ ижро ҳаракатлари тўхтатиб турилади (ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарарни қоплаш, алимент ундириш ва бошқа айрим ҳолатлар бундан мустасно).

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши ҳам муайян ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Жумладан, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг 218-моддасига мувофиқ, жисмоний шахс банкрот деб топилган тақдирда суд унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақли.

Мазкур чеклов жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили тамомлангунига қадар ёки келишув битими тасдиқлангунига қадар амал қилади.

Шунингдек, жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тугалланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил давомида ушбу шахс ўз зиммасига кредит ёки қарз шартномалари бўйича мажбуриятлар олишда ўзининг банкротлик ҳолати ҳақида кредиторни хабардор қилиши шарт.

Шу ўринда яна бир муҳим савол туғилади: жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ҳақида кредит ташкилотлари, банклар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар маълумотни қаердан олиши мумкин?

Ҳозирги амалиётга кўра, суд бошқарувчилари томонидан мазкур маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бироқ рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги даврда бундай маълумотларни фақат оммавий ахборот воситалари, хусусан, газеталар орқали тарқатиш барча манфаатдор шахсларни тўлиқ хабардор қилиш учун етарли эмас.

Натижада айрим ҳолатларда шахслар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Масалан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 107-моддасига кўра, агар жавобгарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва даъво талаблари ушбу иш доирасида кўриб чиқилиши лозим бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради. Бундай ҳолатда давлат божи даъвогар зиммасига юклатилади. Кўп ҳолларда бунга даъвогарнинг жавобгарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганидан бехабар бўлганлиги сабаб бўлади.

Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганлиги ҳамда ишларнинг натижалари ҳақида маълумот берувчи электрон ахборот платформасини яратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, ушбу платформани Ўзбекистон Республикаси Олий судининг my.sud.uz ахборот тизими билан интеграция қилиш ҳам амалиёт самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Хайитов Илхом Шераматович,

Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Улашинг: