Айтиш керакки, олди-сотди шартномаси фуқаролик ҳуқуқининг асосий институтларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида олди-сотди шартномаси тўғрисида тушунчага эга бўлиш, унинг хусусиятларини ўрганиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлар учун ҳам, адвокатлар, юридик хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи шахслар ва тадбиркорлар учун ҳам бирдек зарур.
Олди-сотди тўғрисида умумий қоидалар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг иккинчи қисми, 29-бобида кенг ёритилган бўлиб, унга кўра:
Фуқаролик кодексининг 386-моддасига кўра, Олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.
Олди-сотди шартномаси бўйича ҳар қандай ашёлар ушбу Фуқаролик кодекснинг 82-моддаси қоидаларига риоя қилган ҳолда товар бўлиши мумкин.
Шартнома, агар қонунда бошқача ҳол белгиланган бўлмаса ёки у товарнинг хусусиятидан келиб чиқмаса, шартномани тузиш пайтида сотувчида мавжуд бўлган товарни, шунингдек келажакда сотувчи яратадиган ёки оладиган товарни олиш-сотиш ҳақида тузилиши мумкин.
Агар шартнома товарнинг номи ва миқдорини аниқлаш имконини берса, товар тўғрисидаги олди-сотди шартномасининг шарти келишилган ҳисобланади.
Сотувчи сотиб олувчига олди-сотди шартномасида назарда тутилган товарни топшириши шарт. Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотувчи сотиб олувчига ашёни бериш билан бир вақтда унга мансуб ашёни, шунингдек қонунчиликда ёки шартномада назарда тутилган ашёга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорти, сифат сертификати, фойдаланиш бўйича йўриқнома ва ҳоказолар)ни топшириши шарт.
Агар сотувчи сотилган товарни сотиб олувчига топширишдан бош тортса, сотиб олувчи олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли.
Сотувчи хусусий аломатлари билан белгиланган ашёни топширишдан бош тортса, сотиб олувчи сотувчига ушбу Кодекснинг 331-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли. Яъни фуқаролик кодекси 331-моддасига кўра, хусусий белгили ашёни кредиторнинг мулки қилиб, унинг хўжалик юритишига, оператив бошқарувига ёки фойдаланишига топшириш мажбурияти бажарилмаган тақдирда кредитор бу ашёни олиб қўйишни ва мажбуриятда назарда тутилган шартлар асосида ўзига топширишни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқ ашё бир хил ҳуқуққа эга бўлган учинчи шахсга топширилган бўлса, бекор бўлади. Агар ашё ҳали топширилмаган бўлса, вазият қайси кредиторнинг фойдасига олдинроқ вужудга келган бўлса, ўша кредитор устунликка эга бўлади, башарти буни аниқлаш мумкин бўлмаса, олдин даъво қўзғатган кредитор устунликка эга бўлади.
Шунингдек, кредитор мажбурият нарсаси бўлган ашёни ўзига топширишни талаб қилиш ўрнига, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Сотувчи олди-сотди шартномасида назарда тутилган товарларни шартномага мос келмайдиган ассортиментда топширган тақдирда сотиб олувчи уларни қабул қилишдан ва ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю уларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Сотиб олувчи ассортименти олди-сотди шартномаси шартларига мос келмайдиган товарларни қабул қилишдан бош тортганида ёки ассортимент тўғрисидаги шартларга мос келмайдиган товарларни алмаштиришни талаб қилганида бу товарлар ҳақини тўлашдан бош тортишга, борди-ю уларнинг ҳақи тўлаб қўйилган бўлса, тўланган пул суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳам ҳақли.
Агар сотиб олувчи ассортименти шартномага мос келмайдиган товарларни қабул қилишдан бош тортмаса, бу товарларнинг ҳақини сотувчи билан келишилган баҳода тўлаши шарт. Сотувчи баҳони келишиш бўйича оқилона муддатда зарур чоралар кўрмаган тақдирда, сотиб олувчи товарлар ҳақини одатда шартнома тузиш пайтидаги ўхшаш вазиятларда худди шундай товарларга берилган баҳода тўлайди.
Бундан ташқари ушбу кодекснинг 413-моддасида бут бўлмаган товарни топшириш оқибатлари белгиланган бўлиб, бут бўлмаган товар топширилган тақдирда, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра сотувчидан:
харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
товарни оқилона муддатда бутлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Агар сотувчи оқилона муддатда сотиб олувчининг товарни бутлаш тўғрисидаги талабини бажармаса, сотиб олувчи ўз ихтиёрига кўра:
бутланмаган товарни бут товарга алмаштиришни талаб қилишга;
олди-сотди шартномасини бажаришдан бош тортишга ва товар учун тўланган пул суммасини қайтариб беришни, шунингдек етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Агар олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ва у мажбуриятнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган оқибатлар сотувчининг сотиб олувчига бут товарларни топшириш мажбурияти бузилган ҳолларда ҳам қўлланилади.
Сотиб олувчи товар ҳақини ушбу Кодекснинг 356-моддасига мувофиқ белгиланадиган баҳода тўлаши, шунингдек қонунчилик, олди-сотди шартномаси ёки одатда қўйиладиган талабларга мувофиқ тўловни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатларни ўз ҳисобидан бажариши лозим.
Олди-сотди шартномасида товар ҳақини у сотувчига топширилганидан сўнг маълум вақт ўтгач тўлаш (товарни насияга сотиш) назарда тутилган ҳолларда сотиб олувчи товар ҳақини шартномада кўрсатилган муддатда, агар шартномада бундай муддат назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 242-моддасига мувофиқ белгиланган муддатда тўлаши лозим.
Сотувчи товарни топшириш мажбуриятини бажармаса, ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган қоидалар қўлланади.
Товарни олган сотиб олувчи унинг ҳақини тўлаш бўйича олди-сотди шартномасида белгиланган мажбуриятни бажармаган ҳолларда сотувчи топширилган товар ҳақини тўлашни ёки ҳақи тўланмаган товарни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Агар сотиб олувчи топширилган товар ҳақини тўлаш мажбуриятини олди-сотди шартномасида белгиланган муддатда бажармаган ва ушбу Кодексда ёки олди-сотди шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, кечикиб тўланган сумма учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ шартномага биноан товар ҳақи тўланиши лозим бўлган кундан бошлаб сотиб олувчи товар ҳақини тўлаган кунгача фоизлар тўланиши лозим.
Олди-сотди шартномасида сотиб олувчининг сотувчи томонидан товар топширилган кундан бошлаб товар баҳосига тенг бўлган сумма учун фоизлар тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.
Бундан ташқари, шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда фуқаролик кодексининг қуйидаги моддаларига асосланиб низоларни ҳал қилиш белгиланган.
Фуқаролик Кодексининг 8-моддасига кўра фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари бошқа шахсга зарар етказиш натижасида, 234-моддасига асосан асосан мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Ушбу кодекснинг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. 259-моддасида эса, мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.
Фуқаролик Кодексининг 330-моддасига кўра, Башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбурият лозим даражада бажарилмаган тақдирда неустойка тўлаш ва зарарни қоплаш қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилмайди.
Башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбурият бажарилмаган тақдирда зарарни қоплаш ва унинг бажарилмаганлиги учун неустойка тўлаш қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади.
Кечиктириб юбориш оқибатида ўзи учун аҳамиятини йўқотган (ушбу Кодекс 337-моддасининг иккинчи қисми) ижрони кредиторнинг қабул қилишдан бош тортиши, шунингдек воз кечиш ҳақи тарзида белгиланган неустойкани тўлаш (ушбу Кодекснинг 342-моддаси) қарздорни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод қилади, 333-модданинг Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради, деб белгилаб қўйилган.
Бегзодбек САТВАЛДИЕВ
Андижон туманлараро иқтисодий суди раиси ўринбосари






