Жамиятда қонунустуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги йилларда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини бермоқда. Шу боис мамлакатимизда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ислоҳот соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ислоҳотлар “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилмоқда.
Ҳозирда соҳани рақамлаштириш видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш орқали суд мажлисида иштирок этиш, судлар томонидан кўриладиган ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, суд якуний хулосаларини интернет тармоғида жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда ижро ҳужжатларини ахборот технология воситаларидан фойдаланиб электрон шаклда юбориш каби механизмлар жорий этилиши каби жараёнларда кўринди.
Судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш фуқаролар, жамият ва судлар фаолиятига қандай ижобий таъсирини кўрсатади, деган ҳақли савол туғилади.
Фуқароларни судларга ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз мурожаат қилиш имокниятини беради. Бугунги кунда ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс даъво ариза, ариза ва шикоятларини “exsud.sud.uz” сайти орқали электрон кўринишда юбориши мумкин. Шунингдек, Олий суди томонидан “my.sud.uz” сайти орқали “судга электрон мурожаат юбориш”, “судга мурожаат намуналари”, “давлат божи калькулятори”, “электрон тўлов тизими”, “суд қарорларини онлайн олиш” каби интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани фуқароларнинг мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Фуқароларни суд ишларида иштирок этиш имкониятини оширади. Аниқроқ айтганда, фуқаролар бугунги кунда видеоконференцалоқа режимидан фойдаланилган ҳолда суд ишларини юритишга иштирок этиш имкониятига эга.
Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади. Жумладан, бугунги кунда мазкур маълумотларни онлайн тарзда олиш имконини берувчи “stat.sud.uz” сайти ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Судларнинг иш фаолиятини енгиллаштиришга хизмат қилади. Буни “Адолат” ахборот тизимлари комплекси орқали кўриш мумкин. Мазкур тизим орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш ва суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконини бермоқда.
Судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади. Шу муносабат билан судлар суд муҳокамаси ошкоралиги ва судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур шароит яратиши долзарб аҳамиятга эга.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шаклантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, давлатдан розилик ҳиссини уйғотишдир.
С.РУСТАМОВ,
Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси.




