Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

 

Ўзбекистон Республикасининг 31.05.2022 йилдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-773-сонли Қонуни

 

Савол: Ушбу қонун ҳужжати билан қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритилди?

Жавоб: Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Савол: Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил маълумот беосангиз.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининнг 159-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

Жумладан, 159-модда “Турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш” деб номаланган моддаси “159-модда. Турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш деб номланди.

159-модданинг аввалги таҳрири, фақатгина битта қисмдан иборат бўлиб, унга кўра, Турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузиш, кўп квартирали уйлардаги турар жойларда чорва молларни, худди шунингдек одамларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳайвонларни боқиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Янги таҳрирдаги матнда 159-модданинг биринчи қисми сақланиб қолинган ва қўшимча иккита қисм киритилган. Киритилган қўшимчаларга кўра,

— Кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

— Кўп квартирали уйлардаги таянч ва (ёки) тўсиқ конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шу жумладан кўп квартирали уйларда ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни (тўсиқ конструкцияларга оид қисмида) биринчи марта содир этган шахс, агар у кўп квартирали уйдаги тўсиқ конструкцияларнинг амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади»;

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга тааллуқлилиги бўйича 245-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Бундан ташқари, Кодексга янги 2665-модда киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекциясига, шунингдек унинг ҳудудий инспекцияларига ушбу Кодекс 159-моддасининг биринчи (кўп квартирали уйлардаги турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, кўп квартирали уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини бузишга оид қисмида), иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқли эканлиги кўрсатилган.

Ушбу Қонунинг қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 243-моддаси биринчи қисмига янги 161-банди билан тўлдирилди. Унга кўра, бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишларни реализация қилиш айланма солиқ солишдан озод этилди.

Солиқ Кодексининг 304-моддаси ҳам янги 61-банд билан тўлдирилди, ушбу бандга кўра, бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлардан ҳамда бажарилган ишлардан олинган маблағлар даромад сифатида ҳисобга олинмаслиги белгиланди.

Шунингдек, Солиқ Кодексининг 411-моддасининг учинчи қисмининг 2-бандига ўзгартириш киритилиб, бошқарувчи ташкилотлар ёки кўп квартирали уйларни бошқарувчилар томонидан умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган бинолар юридик шахсларнинг солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган кўчмас мулк объектлари қаторига киритилди.

Ҳудди шунингдек, ушбу Кодекснинг 423-моддаси иккинчи қисмининг 12-бандига ўзгартириш киритилиб, юридик шахсларнинг солиқ солиш объекти сифатида ҳисобланмайдиган ер участкалари қаторига кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналар эгаллаган ерлар, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари, киритилиди. Бундан яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари мустасно.

Аввалги таҳрирда, ётоқхоналар эгаллаган ерлар, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари назарда тутилмаган эди.

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунининг 8-моддаси биринчи қисми 131-банд билан тўлдирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари — кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Мос равишда «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддаси  биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 142-банд билан ҳамда 10-моддаси  биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 104-банд билан тўлдирилиб, Иқтисодий ҳамда маъмурий судларда кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ киритиладиган даъволар юзасидан давлат божидан озод қилинди.

Савол: Ушбу қонун қачондан кучга кирди?

Жавоб: Ушбу қонун расмий эълон қилинган, яъни 2022 йил 1 июндан бошлаб кучга кирган. Эътиборларингиз учун рахмат.

САТТАРОВ ШОҲРУҲ, ҚЎРҒОНТЕПА ТУМАН АДЛИЯ БЎЛИМИ ЕТАКЧИ МАСЛАҲАТЧИСИ.

 

Улашинг: